Қайта тикланувчи энергия манбаларидан аҳоли хонадонларида қай даражада фойдаланилмоқда?
Қайта тикланувчи энергия манбалари, яъни қуёш, шамол, сув ва биомасса каби табиий равишда қайта тикланадиган энергия ресурсларидан электр ва иссиқлик олиш атроф-муҳит ифлосланишини камайтиради, углерод чиқиндиларини пасайтиради ва энергия хавфсизлигини оширади. Улардан кенг фойдаланиш электр энергиясига бўлган талабни барқарор ва экологик тоза усулда қондиришга ёрдам беради. Шу мақсадда юртимизда қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш, аҳоли хонадонларида ушбу манбалардан фойдаланишни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент вилояти Кенгаши раиси Фурқатжон Аҳмеджонов ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати Тошкент вилояти бўлинмаси раҳбари Сергей Воропаев бошчилигида Бекобод туманида тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли хонадонларида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ҳолати ўрганилди.
Жумладан, “Истиқлол” МФЙ ҳудудидаги “Street Auto” электр транспорт воситаларини қувватлаш станциясида ўрнатилган 70 кВт қувватли қуёш панеллари фаолияти билан танишилди. Мазкур қурилмалар орқали станция фаолияти таъминланиб, уларнинг 80-85 фоиз даражасида ўзини оқлаётгани қайд этилди.

Шунингдек, “Бўстон” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Жаҳонгир Акромов хонадонида ўрнатилган 10 кВт қувватли қуёш панелларидан фойдаланиш тажрибаси ўрганилди. Ушбу тажриба энергия тежамкор технологиялардан самарали фойдаланишнинг амалий намунаси сифатида баҳоланди.
Маълумотларга кўра, 2026 йил 1 август ҳолатига Бекобод туманида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича жами 284 та шартнома тузилган. Шундан 160 таси жисмоний, 124 таси юридик шахслар ҳиссасига тўғри келади.
Ўрганиш якунида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишнинг ижобий тажрибаларини кенг тарғиб қилиш ҳамда экологик тоза технологияларни оммалаштириш бўйича ишларни давом эттириш белгиланди.
М.Комилова, ЎзА