Қайроқтош билан гаплашаётган одам
Чархнинг тоши айланади – шиғ-шиғ. Уста пичоқни тошга яқинлаштиради. Энди ундан чириллаган товуш келади. Бир томонга қараб, бир оҳангга ўйин тушаётгандай юлдузчалар сачрайди.
Ишонинг, бу манзарага бефарқ қараб бўлмайди. Ижодкор дўстимиз Аъло Абдуллаев чархчи билан бир муддат гурунглашади.
Энди ҳар ким ўз ишини қила бошлади. Ажойиб – бир томонда чарх чириллайди, бир томонда фотоаппарат “шиқ”иллайди.
Мен қайроқтош билан гаплашаётган одамни кўриб турардим гўё. Ўтмаслиги туфайли анчадан буён кераксиз буюмга айланган болта устанинг қўлидан ялтираб чиқмоқда.
Чархчи ҳамиша рўзғорда теша, болта ва ошхонада пичоқ ўткир бўлиши кераклигини таъкидлайди. Булар бир буюм, лекин улар оилабошининг феълини, шижоатини кўрсатади, дейди у.
Хизмат сафари билан юрганда шунга ўхшаш манзараларга, қўшимча маълумот ортиқчалик қиладиган бу каби лавҳаларга кўп дуч келамиз. Бу суратлар Қарши шаҳридаги кўчаларнинг биридан олинди. Бу ерга бошқа ахборот илова қилишни лозим топмадик. Изоҳ ҳар кимнинг ўзидан бўлақолсин.
[gallery-10732]
Икром АВВАЛБОЕВ, Аъло АБДУЛЛАЕВ(сурат), ЎзА