Қатар давлатидан фоторепортаж
Айни пайтда ЎзА фотомухбири Ҳотам Мамадалиев хизмат сафари билан Қатар давлатида бўлиб турибди. Фотомухбирмиз Қатардан тайёрлаган фоторепортажни ҳукмингизга ҳавола қиламиз.
Қатар – маданий ўзига хослик ва замонавийликни жам қилган, денгиз ва саҳро бағридан жой олган давлат. Ушбу мамлакат нафақат замонавий осмонўпар бинолари, балки табиати билан ҳам сайёҳларни ўзига чорлайди. Қатарда октябрдан то март-апрель ойларигача об-ҳаво нисбатан илиқ бўлади, ҳаво ҳарорати +12…+15 даражагача бўлиши мумкин. Майдан сентябргача жазирама ёз – ҳарорат одатда +45 даражадан юқори бўлади. Ёмғирлар асосан баҳорда кузатилади.
[gallery-20681]
Араб тили Қатарнинг расмий тилидир. Инглиз тили жуда оммалашган.
Қатар иқтисодиётининг асоси – газ ва нефть қазиб чиқариш, уни қайта ишлашдан иборат. Нефть ва газ қазиб олиш давлат даромадларининг умумий 70 фоизидан ортиғини, ялпи ички маҳсулотнинг 60 фоизидан ортиғини ва экспорт тушумининг қарийб 85 фоизини ташкил қилади. Қатар дунёдаги табиий газ захирасига эга давлат сифатида учинчи, уни экспорт қилиш бўйича эса иккинчи ўринда туради. Бундан ташқари мамлакат иқтисодиёти ривожида хизмат кўрсатиш соҳасининг улуши ҳам катта.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА