Қатар чорак финалда, бугун Ўзбекистон ўйнайди
Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида футбол бўйича Осиё кубогининг нимчорак финал босқичи давом этмоқда.
Мазкур босқичда мусобақа мезбони Қатар Фаластинга қарши майдонга тушиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Шу тариқа, Қатар чорак финалга чиқди. Ушбу босқичда Ўзбекистон — Таиланд терма жамоалари ўйинида ғолиб бўлган жамоа билан рақобатлашади. Осиё кубоги нимчорак финалидан ўрин олган Ироқ — Иордания баҳсида 2:3 ҳисоби қайд этилди ва Иордания чорак финалда Тожикистон билан ўйнайдиган бўлди.
Осиё кубогининг кечаги учрашувларида юқоридаги натижалар қайд этилди. Энди эса эътиборимизни бугунги баҳсларга қаратамиз.
Бугун, 30 январь куни 1/8 финал босқичи доирасида икки учрашув бўлиб ўтади. Дастлаб соат 16:30 да Ўзбекистон ва Таиланд чорак финал босқичига чиқиш учун рақобатлашса, 21:00 да Саудия Арабистони ва Жанубий Корея терма жамоалари ўртасидаги баҳсга старт берилади. Албатта, биз учун катта аҳамиятга эга бўлган Ўзбекистон ва Таиланд учрашуви олдидан айрим фикрларни билдириб ўтмоқчимиз.

Бўлажак ўйин олдидан Ўзбекистон миллий терма жамоаси рақиби бўлган Таиланд қитъа кубогида энг кучли, мустаҳкам ҳимоя чизиғига эга. Гуруҳ босқичида қатнашган 24 та терма жамоа орасида фақатгина Қатар ва Таиланд термалари ўз дарвозаларидан бирорта гол ўтказмаган эди. Япониялик бош мураббий Масатада Исии қўл остида ижобий натижа кўрсатаётган таиландликлар мазкур қитъа чемпионатида ҳам имкон қадар яхши натижа қайд этишга жиддий тайёргарлик кўрганликлари ўтказилган 3 ўйин давомида ўз исботини топди.
Аммо Ўзбекистон терма жамоаси гарчи ҳужум чизиғида бироз муаммоларга дуч келаётган бўлса-да, кубокнинг метин ҳимояга эга бўлган Таиланд термаси дарвозасига йўл топиш имкониятига эга. Сабаби, жамоамиз таркибида истеъдодли, ўйин тизгинини қўлга оладиган футболчилар бор. Рақиб қанчалик жиддий бўлмасин, Сречко Катанец қўл остидаги терма жамоамизнинг ҳам устунликлари талайгина.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимояда сўнгги ўйинларда анча тартибли ўйин намойиш этмоқда. Шу боис ҳам гуруҳ босқичида уч ўйинда биргина пенальтидан гол ўтказиб юборди. Ушбу ҳолат эса барчамизнинг ёдимизда ва у шубҳали тарзда амалга оширилганига ҳам гувоҳмиз. Нима бўлганда ҳам бизнинг футболчилар мусобақада ғолиб чиқишга асосий даъвогар ва бугунги учрашувда ҳам улар албатта ишончимизни оқлайди.
Дарвоқе, ўз бағрига 40 минг томошабинни сиғдира оладиган “Ал Жануб” стадионида ўтадиган Ўзбекистон ва Таиланд ўртасидаги ўйинга 22 минг 978 та чипта сотилгани маълум бўлди. Мазкур баҳсда Ўзбекистон миллий терма жамоаси тўлиқ оқ либосда, дарвозабонимиз эса қора либосда ҳаракатланади. Шунингдек, учрашувни бошқариб борадиган ҳакамлар гуруҳи ҳам маълум. Бош ҳакам малайзиялик Муҳаммад Назми бин Насаруддин, унга қанотларда ҳамюртлари Муҳаммад Заирул ҳамда Ариф Шамил ёрдам беради. Захира ҳаками сифатида эса уммонлик Аҳмад Абу Бакар Саид ал-Каф ишлайди.
Осиё кубоги ҳақида яна бир хабар. Кутилмаганда мусобақа финали бошқа стадионда ўтказиладиган бўлди. Мусобақа ташкилотчилари 10 февраль кунги бўлиб ўтадиган финал баҳси “Ал-Байт”да ўтказилишини маълум қилди. Ушбу стадион 68 мингдан ортиқ одамни ўз бағрига сиғдира олади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА