Қашқадарёлик ёшлар билан учрашувлар
Адабиётга меҳр болаликдан бошланади. Техника асрида шаклланаётган бугунги ёшлар онгида адабиётга меҳр, китобхонлик, бадиий савия тушунчалари кемтиклигича қолаётгани ҳам бор гап. Ушбу бўшлиқни тўлдириш, ёшларнинг адабий тафаккурини кенгайтириш эса назм ва насрда қалам тебратаётган ижод аҳлига катта масъулият юклайди.
Шу боис юртимиз бўйлаб олий таълим муассасалари талабаларини, умумтаълим мактаблари ўқувчиларини китоб мутолаасига жалб этиш, бадиий саводхонлик даражасини ошириш орқали уларни ватанпарварлик ва юртимиз келажагига дахлдорлик руҳида тарбиялашга қаратилган “Маърифат улашиб” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Мазкур лойиҳа доирасида Қарши давлат университети ва Косон туманидаги 76-80-90-мактаблар ва маҳаллаларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, таниқли ижодкорлар Ғайрат Мажид, Зилола Хўжаниёзова, Ғулом Эгамшукур билан ижодий учрашувлар ташкил этилди.

Мулоқотларда ёшлар қалбида адабиётга меҳр-муҳаббатни янада кучайтириш, янги ижодкорларни кашф қилиш ва қўллаб-қувватлаш, китобхонликни тарғиб қилиш, она Ватанга садоқат туйғуларини камол топтириш муҳим масала эканлиги айтиб ўтилди. Шу билан бирга, ёшларнинг замонавий билимларни эгаллаши, дунёқарашини кенгайтиришда миллий маънавият ва мафкуранинг аҳамияти юқори эканлиги қайд этилди.

Қизғин ва самимий суҳбатлар гўзал мушоираларга уланиб, талабалар ва ўқувчилар севимли ижодкорларнинг энг сара шеърларидан намуналар ўқишди. Ўз навбатида тадбир меҳмонлари ҳам ёш истеъдодларнинг ижодидан баҳраманд бўлишди.

Фаол ёшларга китоблар совға қилинди. Таъкидлаш лозим, ўтказилган ижодий кечалар ёшларга ўзгача руҳ, кайфият, илҳом бағишланганлиги билан аҳамиятли бўлди.
Ўлмас Баротов,
ЎзА мухбири