Қашқадарёда “қуёшли хонадон”лар сони ортмоқда
Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб, “Қуёшли хонадон” дастури доирасида хонадонига қуёш панеллари ўрнатган жисмоний шахсларга, ишлаб чиқарилган ва ягона электр энергетика тизимига узатилган ҳар бир киловатт-соат электр энергияси учун 1 000 сўм миқдорида субсидия ажратилиши белгиланган эди.
Хусусан, Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида ҳам кўплаб фуқаролар ушбу имкониятдан фойдаланиб, ўз хонадонларига қуёш панеллари ўрнатмоқда. Масалан, тумандаги Алақўйлиқ маҳалласида яшовчи Шерзод Раҳимов ўз уйига 35 кВт қувватга эга қуёш панелларини ўрнатди. Натижада, у нафақат ўз хонадонини электр энергияси билан таъминламоқда, балки ортиқча энергияни давлат тармоқларига сотиб, қўшимча даромад олмоқда. Ушбу даромад оила бюджетини ошириб, келгусида қўшимча панеллар ўрнатишни режалаштирмоқда.



Эътиборли жиҳати, ҳудудда бу каби ишбилармон, ислоҳотларни тўғри англаб, имкониятлардан унумли фойдаланаётган фуқаролар сони кун сайин ортмоқда. Айни вақтга қадар маҳаллада аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан ўрнатилган қуёш панелларининг умумий қуввати 200 кВт га етди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири