Қашқадарёда мактаб ўқувчилари хитой тилини ўрганмоқда
Қарши шаҳридаги 23-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари учун хорижий тилларни ўрганиш имкониятлари кенгаймоқда. Таълим муассасасида хитой тили бўйича қўшимча машғулотлар йўлга қўйилган.
Дарсларни хитойлик мутахассис Ванг На олиб бормоқда. Машғулотларда ўқувчиларга хитой тилининг асосий қоидалари, кундалик мулоқотда ишлатиладиган сўз ва иборалар, тўғри талаффуз ҳамда амалий нутқ кўникмалари ўргатилмоқда.
Дарсларнинг одатий назарий машғулотлардан фарқли жиҳати шундаки, ўқувчилар тилни унинг она тилида сўзлашувчи мутахассис билан бевосита мулоқот жараёнида ўзлаштирмоқда. Интерактив усуллардан фойдаланилаётгани эса болаларнинг дарсдаги фаоллигини ошириш, янги сўз ва ибораларни амалиётда қўллаш имконини бермоқда.
[gallery-31750]
Машғулотлар жараёнида ўқувчилар хитой тили билан бир қаторда мамлакатнинг маданияти ва анъаналари ҳақида ҳам маълумотларга эга бўлмоқда. Бу эса тил ўрганишни фақат грамматик қоидалар ва луғат бойлигини ўзлаштириш эмас, балки бошқа халқнинг маданияти ва дунёқарашини англаш жараёнига айлантирмоқда.
Бугунги кунда ёшларни бир нечта хорижий тилни билишга ўргатиш уларнинг келгусидаги таълим ва касбий имкониятларини кенгайтиришда муҳим омиллардан бири сифатида қаралмоқда. Шу маънода, мактабда хитой тилини ўрганиш учун яратилган бундай имконият ўқувчиларнинг тилга қизиқишини ошириш билан бирга, уларни халқаро мулоқотга тайёрлашга ҳам хизмат қилади.
Энг муҳими, тилни мактаб ёшидан ўрганиш ва уни амалиёт билан уйғунлаштириш ўқувчиларда эрта босқичданоқ янги билимларга қизиқиш, мулоқот маданияти ва турли тил муҳитларига мослашиш кўникмасини шакллантиради.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари