Қашқадарё театри Туркия матбуотида ёритилди
Кейинги йилларда мамлакатимиз театрларига қаратилаётган эътибор натижасида соҳада халқаро ҳамкорлик тобора кучаймоқда. Айни пайтда наинки пойтахтдаги етакчи театр жамоалари, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги ижодий жамоалар ҳам ўз спектаклларини турли хорижий давлатларда намойиш этиш, чет эллик режиссёрлар, саҳна усталари билан ҳамкорликда спектакллар қўйиш имконига эга бўлмоқда.
Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси ахборот хизматига кўра, Қашқадарё вилояти мусиқали драма театри ҳам охирги йилларда халқаро майдонда кенг эътирофларга сазовор бўлиб бормоқда. Қувонарлиси шуки, яқинда туркиялик таниқли журналист ва драматург Назиф Услу Қашқадарё вилояти мусиқали драма театри билан яқиндан танишиш мақсадида ушбу масканга ташриф буюрган эди.
Янги йилнинг илк кунларидаёқ Туркиянинг “TEATRO“ газетасида Назиф Услунинг ”Янги Ўзбекистоннинг янги театри Қашқадарё вилояти мусиқали драма театри” деб номланган сарлавҳа остида таҳлилий мақоласи чоп этилди. Унда театрнинг халқаро ижодий алоқалари ва ютуқлари, театр раҳбари Ў.Махматқуловнинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари беқиёслиги ҳақида атрофлича сўз боради. Театр ижоди халқаро ОАВда ҳам кенг ёритилаётгани давлатимизнинг саҳна санъати учун яратаётган кенг имкониятларининг самарасидир.
Н.Усмонова, ЎзА