Қасамёд — садоқат синови
Ватан она каби муқаддас, фарзанд каби азиз. Уни кўз-қорачиғидек асраш, ҳимоя қилиш эса ҳар бир эр-йигитнинг шарафли бурчи. Бу бурчни англаган инсон ўз юртига садоқати, масъулияти ва фидойилигини амалда намоён этади.
Жиззах шаҳри, шунингдек, вилоятнинг Зомин ва Бахмал туманларида жойлашган ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмларда ташкил этилган ўқув пунктларида ана шундай юксак туйғулар билан йўғрилган тадбир бўлиб ўтди. Дастлабки ҳарбий тайёргарликдан ўтган ёш аскарлар “Ватанга қасамёд” қабул қилиб, юрт ҳимояси йўлидаги масъулиятли йўлга қадам қўйди.
Қўшни республикалар билан чегарадош ҳудудлар дахлсизлигини таъминлаш арафасида турган ёш аскарлар қасамёд айтар экан, уларнинг қалбидаги ҳаяжон, нигоҳларидаги қатъият ва қадамларидаги шиддат яққол сезилди. Бу шунчаки маросим эмас, балки Ватан тақдири учун шахсий масъулиятни зиммага олиш, садоқат синовидан ўтишдир.
[gallery-28880]
Тадбирларда ДХХ Чегара қўшинлари масъул ходимлари, ҳарбий қисм қўмондонлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар, шунингдек, ёш аскарларнинг ота-оналари иштирок этди. Сўзга чиққанлар Янги Ўзбекистонда ҳарбий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳарбий хизмат нуфузини ошириш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги ишларга алоҳида тўхталди.
Тантанали маршдан сўнг қасамёд қабул қилган аскарларга ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонининг байрам табриги етказилди. Шунингдек, муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан қисқа вақт ичида ўзлаштирилган жанговар тайёргарлик элементлари намойиш этилди. Бу чиқишлар ёш аскарларнинг тайёргарлиги ва интизомини намоён қилди.
Айниқса, фарзандларининг юрт олдидаги муқаддас бурчини адо этишга киришганини кўрган ота-оналар қалби фахр ва ифтихорга тўлди. Чунки Ватан ҳимоясига бел боғлаган ҳар бир йигит миллатнинг ишончи, эртанги куннинг кафолатидир.
Тадбир якунида маданият уйи санъаткорлари томонидан ватан, мардлик ва тинчликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар ижро этилиб, йиғилганларга кўтаринки кайфият улашилди.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА