Қарздорлик бартараф этилмагани учун мажбурий ижро чоралари қўлланилди
Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари қонунчиликка кўра ўз вақтида ижро этилиши шарт. Агар қарздор томонидан белгиланган муддатда қарздорлик бартараф этилмаса, мажбурий ижро этиш чоралари қўлланилади.
Бунда, қарздорлик қарздорнинг пул маблағлари ва бошқа мулкига қаратилиши мумкин.
Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди қарори билан қарздор якка тартибдаги тадбиркор “У.М.Ғ.”дан ундирувчи банк фойдасига 305 миллион 797 минг сўм қарз ундирилиши, ундирув қарздорнинг гаровдаги “Captiva” русумли автомашинасига қаратилиши белгиланган.
Мажбурий ижро бюроси (МИБ)нинг Мирзо Улуғбек тумани бўлими давлат ижрочилари қарздор билан учрашиб, қонуний тушунтиришлар берган. Агар белгиланган муддатда қарз тўланмаса, ижро чоралари қўлланилиши, автомашина аукционга чиқарилиши мумкинлиги ҳақида қарздор огоҳлантирилган.
Аммо қарздор ҳар сафар қонуний талабларни инкор қилиб, ўз мажбуриятини бажаришдан бош тортган. Шу сабабли, автомашина қонуний тартибда хатланиб, жарима майдонига жойлаштирилди. Ҳозирда онлайн аукцион савдоларига чиқарилган автомобиль сотувидан тушган пул маблағлари қарздорликни қоплашга йўналтирилади.
Бюронинг Мирзо Улуғбек тумани бўлими иш юритувига қарздор отадан икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойда иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш мазмунидаги ижро ҳужжати келиб тушган.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздорнинг даромадлари “МИБ портали” орқали ўрганилганда, унинг ишлаши аниқланган. Шу муносабат билан унга тегишли тартибда талабнома юборилган. Қарздорлик тўлиқ қоплангунга қадар ҳар ойлик иш ҳақидан 50 фоиз миқдорида ушлаб қолиш белгиланган.
Бироқ ижро ҳужжати талаблари қарздорнинг ишхонаси ҳисобхона масъул ходимлари томонидан тўлиқ бажарилмагани аниқланган. Жумладан, иш ҳақидан ушлаб қолиш ва алимент маблағларини ўз вақтида ўтказиш бўйича белгиланган тартибларга риоя этилмаган.
Юқоридаги ҳолатлар асосида ишхона ҳисобхона масъул ходимларидан ёзма тушунтиришлар олиниб, далолатнома расмийлаштирилган. Уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198-2-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортиш чоралари кўрилмоқда.
Яна бир ҳолатда икки нафар вояга етмаган фарзанд учун ота томонидан тўланиши керак бўлган алимент масаласи тўлиқ ҳал этилди. Бу сафар ота фарзандлари 18 ёшга тўлгунга қадар бўлган алимент маблағи миқдори – қарийб 856 миллион сўмни тўлиқ тўлаб берди.
Н.Абдураимова,
ЎзА