Қаршида замонавий кутубхона очилди
Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ва АҚШнинг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамкорлигида Қарши шаҳрида замонавий кутубхона – Қарши шаҳридаги “Америка бурчаги” очилди.
Тантанали очилиш маросимида Халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов ҳамда АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм иштирок этди.
Қарши шаҳридаги Америка бурчаги АҚШ ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланадиган 600 дан ортиқ очиқ маданият марказлари тармоғига қўшилади. 140 дан ортиқ мамлакатда жойлашган бу каби Америка бурчаги марказлари дунёни АҚШ билан боғлашга хизмат қилади. Замонавий Америка кутубхоналари асосида моделлаштирилган Америка марказлари ҳар йили миллионлаб меҳмонларни қабул қилади. Бу каби замонавий жиҳозланган марказлар инглиз тилидаги китоблар, фильмлар, инглиз тили дастурларидан бепул фойдаланиш имконини беради.
[gallery-1768]
Қарши шаҳридаги “Баркамол авлод” мактабининг иккинчи қаватида жойлашган, 230 квадрат метрли майдонни эгаллаган мазкур кутубхона ҳафтанинг сешанба-шанба кунлари соат 10:00 дан 19:00 гача жамоатчилик учун фаолият юритади. У ерда компьютер лабораторияси, кутубхона, конференц зал, таълим бўйича маслаҳат хонаси, юқори тезликдаги интернет ва бошқа замонавий технологиялар мавжуд.
Марказ инглиз тилида сўзлашувчиларнинг дастурлари орқали тил ўрганишни енгиллаштиради ҳамда босма ва рақамли инглиз тили ресурсларига киришни таъминлайди. Шунингдек Америка Қўшма Штатларида ўқишни истаганларга бакалавр ва магистратура йўналишлари бўйича бепул маслаҳат хизматини кўрсатади.
Маълумотларга кўра, Халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари томонидан амалга оширилаётган “Америка бурчаклари” ташаббуси орқали Ўзбекистонда 7 та “Америка бурчаги” очилиши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳага АҚШ ҳукумати ва маҳаллий ҳамкор ташкилотлар томонидан 800 минг АҚШ долларидан ортиқ маблағ йўналтирилади.
Ў.БАРОТОВ, Ж.НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА