Қардош мамлакат билан ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида жойлашган 53-умумтаълим мактаби делегацияси ушбу мамлакатнинг Фан ва таълим вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси томонидан амалга оширилаётган ОСEP лойиҳаси доирасида юртимизга ташриф буюрди.
Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчихонаси ва Тошкентдаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон маданият маркази билан ҳамкорликда амалга оширилган мазкур сафар давомида мактаб директори Тунзала Зейналова раҳбарлигидаги ўқитувчи ҳамда ўқувчилардан иборат жамоа, шунингдек МОҚ Халқаро дастурлар бўлими маслаҳатчиси Жайҳун Раҳмонов, лойиҳа мувофиқлаштирувчиси Намиғ Жафаровлар дастлаб Марказ билан яқиндан танишди.
Меҳмонлар марказ ҳовлисидаги Умуммиллий етакчи Ҳайдар Алиев бюсти ва ҳудудда ташкил этилган Шаҳидлар хотира мажмуасини зиёрат қилишди.
Делегацияни қабул қилган Озарбайжон Маданият маркази директори Самир Аббосов Озарбайжон–Ўзбекистон дўстлик алоқалари, марказнинг ўзаро маданий муносабатни ривожлантириш йўлидаги фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди.
Маълумки, бу йил Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллиги нишонланмоқда. Делегация шу муносабат билан очилган Озарбайжон–Ўзбекистон дўстлигига бағишланган ҳамда Ҳайдар Алиев ҳаёти ва фаолияти, шунингдек ушбу мамлакат тарихи ва анъаналари ҳақида ҳикоя қилувчи музейлар билан ҳам танишди.
Т.Зейналова рамзий маънода марказга юбилейи нишонланаётган Ҳайдар Алиев тимсоли туширилган гилам-портрет совға қилди. Марказ директори С.Аббосов эса 53-мактабда ташкил этилган Ўзбекистон бурчагига ХIХ асрда яшаган атоқли озарбайжон шоири Хуршидбону Нотавон шеърларининг ўзбек тилидаги нашрини туҳфа қилди.
Сўнгра анжуманлар залида бокулик иқтидорли ўқувчилар тайёрлаган бадиий дастур намойиш этилди. Беғубор болалар миллий рақсларни маҳорат билан ижро этишди. Фортепианода икки давлат мадҳияси, таниқли бастакорлар асарлари янгради.
Тадбирда қардош халқларимизни бирлаштирган анъана ва қадриятлар, умумий маданият ҳақида сўз юритилди, келгусида ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича фикр, таклифлар билан ўртоқлашилди.
Сафар доирасида 53-мактаб жамоаси Тошкент шаҳридаги Президент мактаби ҳамда Ал-Беруний халқаро мактабида ҳам бўлиб, яратилган имконият, тўпланган илғор тажриба билан танишди.
Ғ. Хонназаров, ЎзА