Қалбларда мангуга муҳрланганлар
Ҳар бир миллат ва элатнинг ўз тарихи бор. Тарих замирида эса, миллий ўзликни англаш, қадриятларга ҳурмат, аждодлар хотирасига эҳтиром туйғуси мужассам.
ХХ аср бошларида Туркистон замининг илғор вакиллари истиқлол, эрк ва миллий-озодлик учун кураш олиб борди. Турли манбаларда таъкидланишича, бу курашда 1 миллион 900 минг нафар туркистонликлар Ватандан бош олиб, хорижий мамлакатларга чиқиб кетди. 1 миллион 700 минг юртдошимиз Сибир, Узоқ Шимол, Украина, Шимолий Кавказ, Урал, Қозоғистон, Узоқ Шарқ, Кавказ, Волгабўйи районларига бадарға қилинди.
– Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йиллардан бошлаб, айниқса, кейинги ўн йил ичида тарихий ҳақиқатни қарор топтириш, хусусан, Ватанимиз озодлиги йўлида қурбон бўлган халқимизнинг суюкли фарзандлари номини тиклаш, уларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш ва тарғиб этишга қаратилган ишлар амалга оширилди, – дейди Андижон давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори, тарих фанлари доктори, профессор Рустамбек Шамсутдинов. – Бу борада пойтахтимиз Тошкентда ҳамда вилоятларда ташкил этилган Қатағон қурбонлари хотираси музейлари томонидан эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва ҳудудлардаги олий таълим муассасалари тузилмасида Қатағон қурбонлари хотираси музейларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Бобур номидаги Андижон давлат университети тузилмасида Қатағон қурбонлари хотираси музейи ташкил этилиб, 2018 йил 15 августдан ўз фаолиятини бошлади.
Қатағон қурбонлари хотираси музейи учун университет янги ўқув биносининг биринчи қаватидан жой ажратилди. Айни кунда музейнинг умумий майдони 741,8 квадрат-метр бўлиб, катта зал, 9 бўлимдан иборат экспозиция заллари мавжуд. Музей фонди ва залларидан 30 та портрет, 15 та баннер, 9 та харита, 1 минг 200 дона тарихий расм, 2 минг 698 та матнли маълумотлар, 359 та газета, 562 та архив ҳужжатлари, 1 минг 560 та мавзуга оид китоблар, 42 та тарихий буюм, 18 та стенд, 110 та журнал, жами 6 минг 598 та экспонат ўрин эгаллаган.
Ўтган йиллар давомида музей мутахассислари томонидан юртимиз ва хорижий давлатлар архивларида сақланаётган қатағон қурбонлари ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ бир мингдан зиёд ҳужжатлар ўрганилди. Ўрганишлар натижасида 200 дан ортиқ мақола, 100 га яқин китоблар нашр этилди, кўплаб семинар ва анжуманлар ўтказилди.
[gallery-29254]
Профессор Рустамбек Шамсутдинов раҳбарлигида бир гуруҳ олимлар, тадқиқотчилар 2021 йилда “Академнашр” нашриётида икки томлик “Қатағон қурбонлари хотира китоби. Андижон вилояти (1865-1991 йиллар)” китоби нашр этилди. Мазкур китоб 2025 йилда тўлдиришлар қилинган ҳолда қайта чоп этилди.
Ушбу китобдан 1860-1916 йилларда халқ қўзғолонларида қатнашганлиги учун жазоланган 1 минг 285 нафар, 1917-1924 йилларда совет ҳокимиятига қарши курашган 93 нафар, 1926-1936 йилларда турли сиёсий айбловлар қурбони бўлган 871 нафар, 1937-1938 йиллардаги “катта қирғин” қурбони бўлган 2 минг 33 нафар, 1940-1950 йилларда қатағон қилинган ва “Пахта иши” қурбони бўлган 121 нафар, жами 4 минг 403 нафар инсон ҳақидаги маълумотлар ўрин олган.
Биргина ўтган 2025 йил “Ўрта Осиёда жадидчилик ҳаракати тарихи” мавзусида илмий-тадқиқот амалга оширилди. Ана шу илмий-тадқиқот натижасида “Академнашр” нашриётида Р.Шамсутдинов, А.Маҳкамов, Н.Акбарова муаллифлигида “Ўрта Осиёдаги жадидчилик ҳаракати тарихидан” номли китоб чоп этилди. Унда қатағон этилган 35 нафар жадидларнинг ҳаёти, тақдири ҳақида бирламчи манбалар асосида маълумотлар келтирилган.
Бундан ташқари, “Ўрта Осиёдаги жадидчилик ҳаракати қурбонлари тарихидан” (иккинчи китоб), “Миллат фидоийлари”, “Ўзбекистон тарихи” номли нашр этилган янги китоблар ҳам музей жамоасининг самарали меҳнатлари маҳсулидир.
Қатағон қурбонлари ва жадидларнинг вилоят, туман ва шаҳарлар кесимида номма-ном аниқлаш, уларнинг ҳаёти, фаолияти, тарихий хизматлари ҳақидаги маълумотларни, архив ва музейларда сақланаётган ҳужжатларни тўплаш, ўрганиш мақсадида олим ва мутахассислар иборат гуруҳлар Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Миллий архивида сақланаётган бирламчи архив ҳужжат ва материаллар асосида 50 нафардан ортиқ қатағон қурбонлари аниқланди, улар ҳақидаги тўпланган маълумотлар музей фондига жойлаштирилди.
Ўтган йили музейга Қирғизистон Республикаси Маданият, ахборот ва ёшлар сиёсати вазирлиги ҳузуридаги “Ата-Бейит” миллий тарихий-мемориал мажмуаси вакиллари ташриф буюрди. Ташриф жараёнида тарихий ҳақиқатни тиклаш, қатағонлар ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тадқиқ этиш бўйича ҳамкорлик келишуви тузилди. Умуман, музей нафақат республикамиз, балки хорижий давлатлардаги ўнлаб музей, илмий-тадқиқот марказлари билан ҳам ҳамкорлик қилиб келади.
Музей ходимлари ташаббуси билан Андижон давлат университетида қатағон қурбони бўлган ака-ука Ҳасанхон ва Хусанхон Ниёзийнинг хотирасига бағишлаб “Ўчмас чироқлар” деб номланган республика илмий-маърифий анжумани ўтказилди.
Музейнинг турли бўлим ва залларига Россия империяси босқини ва мустамлакачилик истибдодига қарши кураш мавзусига, шунингдек, Абдулҳамид Чўлпон, Миркомилбойнинг ҳаёти ва фаолиятига доир янги маълумотлар, қатағон қурбони бўлган аёлларга бағишланган “АЛЖИР лагери”, Иномжон Хидиралиев ва Бокудаги Шарқ халқларининг биринчи съезди мавзулари ҳамда “ГУЛАГ” лагеридаги маҳбуслар ҳаёти ва фаолиятига оид янги стендлар ўрнатилди.
Олиб борилаётган ишлар самараси ўлароқ, музейга ташриф буюрувчилар сони ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда. 2024 йилда музейга 8 минг нафардан зиёд киши ташриф буюрган бўлса, ўтган 2025 йилда уларнинг сони 10,5 минг нафардан ортди. Ташриф буюрувчиларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этди.
– Тенгдошларим билан Қатағон қурбонлари хотира музейига келиб, бу ердаги экспонатлар, қатағон қилинган кўплаб зиёли инсонлар ҳақидаги маълумотлар билан танишдик, – дейди Андижон давлат педагогика институти бошланғич таълим йўналиши 1-босқич талабаси Барнохон Одилова. – Музейдаги маълумотлар билан танишиб, юртимиз эрки, озодлиги, халқимизни илм-маърифатли қилиш йўлида жон фидо қилган аждодларимиз борлигидан қалбимдан ифтихор туйдим. Уларнинг ҳаёт йўли биз ёшлар учун ибрат мактабидир.
Бу ёруғ ва дориламон кунларни барпо этиш йўлида қурбон бўлганлар руҳини шод этиш, тинч-осойишта замоннинг қадрига етиш, шукроналик туйғуларини ҳис этиш бизга куч-қувват бағишлайди, руҳиятимизни поклайди. Зеро, миллат бирлиги, озодлиги учун курашган инсонлар хотираси ҳеч қачон унутилмайди, халқимиз қалбида мангу яшайди.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.