Қалбаки маҳсулотлар савдосига чек қўйилди
Жиззахда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказган тезкор тадбирда қалбаки акциз маркали алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг сотувига чек қўйилди.
Тезкор тадбирларда Шароф Рашидов, Зафаробод, Ғаллаорол, Зарбдор ва Пахтакор туманларида фаолият юритувчи “Vodka-sharof”, “Yriy Furiy”, “Shfrof savdo” “Krepkaya vodka” масъулияти чекланган жамиятлар ҳамда “Etil Maxsys” хусусий корхонаси (географик атамалар ўзгартирилган) савдо дўконида харидорларга “GOLD”, “Portveyn”, “Талая”, “Журавли” ва “Чистая водка” номли қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини сотган вақтларида ушланди. Ушбу савдо дўконларида сотувга қўйилган жами 3 минг 581 дона ҳар хил турдаги қалбаки акциз маркали алкоголь ва 125 қути тамаки маҳсулоти ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
А.Қаюмов, ЎзА.