Қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотлари савдосига чек қуйилди
Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун барча зарур шароитлар яратилмоқда. Соҳа вакилларининг имкониятлари тобора кенгаймоқда. Бунинг натижасида бозорларимизда маҳсулотлар тури ва ҳажми ортиб, уларнинг сифати ҳам яхшиланиб бормоқда.
Бироқ айрим «уддабурон» тадбиркорлар мўмай даромад илинжида қинғир ишларга қўл ураётгани ҳам сир эмас.
Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов туманида фаолият юритаётган ана шундай тадбиркорлардан бирининг савдо дўконида қалбаки акциз маркалари ёпиштирилган алкоголь маҳсулотларини сотувга чиқаргани аниқланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бўзатов тумани бўлими ходимлари томонидан Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда тадбирда фуқаро А.К. "Ғарезсизлик" МФЙ ҳудудидаги савдо дўконида умумий баҳоси 114 миллион сўмдан ортиқ 3061 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини савдога қўйганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА