Қаламда ҳам, қуролда ҳам моҳир ҳарбийлар
Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлиги билан бир вақтда уларнинг маънавий дунёқарашини кенгайтириш, адабиёт ва санъатга нисбатан қизиқишини ошириш ҳам муҳим вазифадир.
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи тасарруфидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари ўртасида “Янги Ўзбекистон ранглар жилосида” мавзусида ижодкорлар танловининг ташкил этилиши ҳам айни шу мақсадларга хизмат қилади.

Ҳарбий хизмат давомида рассомчиликда ўз қобилиятини намоён эта олган ижодкор ҳарбий хизматчилар сараланиб, танлов ўтказилди.
Бадиий ижодкорлар уюшмаси Қашқадарё вилоят бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган танлов жараёнларини соҳа мутахассислари назорат қилиб борди.

Эгнига ҳарбий либос кийиб, қаламни ҳам қуроли каби моҳирлик билан ишлата оладиган ижодкор ҳарбийлар мутахассислар томонидан эътироф этилди. Мазмунан ва сифат жиҳатидан ижобий баҳоланган суратлар муаллифлари диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбир давомида моҳир ижодкорларнинг расмлар кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири