Қаҳрамонлар хотирасига эҳтиром
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Хотира ва қадрлаш куни ўзининг теран маъно-моҳияти билан барчамизни бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизни қадрлаб, Ватанимиз равнақи йўлида янада шижоат билан меҳнат қилишга ундайди. Шу билан бирга, бу кун эл-юрти учун керак бўлса жонини тиккан азиз ва мўътабар инсонлар шижоатидан куч ва ибрат олишга даъват этадиган шукуҳли санадир.

Бу йил ҳам Президентимизнинг мазкур санани кенг нишонлаш мақсадида қабул қилган қарорларига мувофиқ, вилоятимизда ҳам “Бурч, жасорат, матонат!” шиори остида юксак инсонпарвар ғояларни ўзида мужассам этган, кенг кўламли маънавий-маърифий тадбир ва маросимлар бўлиб ўтмоқда.
Шу муносабат билан Зойир Мирзаев бошчилигидаги вилоят жамоатчилиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари, олий ўқув юртлари жамоалари, нуронийлар ва ёшлар Нурафшон шаҳрида “Матонат мадҳияси” ёдгорлик мажмуасига алвон гулчамбарлар қўйиб, азизлар хотирасига авлодлар эҳтиромини ифода этди.

Дарҳақиқат, Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашизмга қарши курашларда қурбон бўлган ота-боболаримиз, истиқлол даврида Ватанимиз мустақиллиги ҳимояси йўлида жон фидо этган мард ўғлонлар хотирасини ёд этиш, бугунги кунда орамизда соғ-саломат яшаб келаётган уруш ва меҳнат фахрийларига, жонкуяр ватандошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш энг олий инсоний қадриятлардан биридир. Уларнинг шонли умр йўли, меҳнат фаолияти халқимизнинг бебаҳо маънавий бойлигига айланиб, ёш авлодимизни ватанпарвар инсонлар этиб камол топтиришда жасорат ва матонат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда.
Муаззам майдон узра фахрий қоровул саф тортди. Ҳарбий оркестр ижросида давлат мадҳияси янгради.

Аслида беш ўғлини урушга берган, садоқатли келинлари билан жанглардан қайтмаган фарзандлари ёди ва соғинчи билан яшаб ўтган мунис ўзбек онаси – Зулфия ая Зокирова ва унинг вафодор келинлари сиймоси акс этган “Матонат мадҳияси” обидасининг Тошкент вилояти марказида бунёд этилишида теран маъно бор. Бу обида эл-юртимизнинг машъум Иккинчи Жаҳон уруши йилларида кўрсатган мардлиги ва қаҳрамонлигининг ёрқин тимсоли бўлиб, шаҳримиз аҳли ва меҳмонлари, айниқса, ёшлар учун табаррук манзилга айланди.
Иккинчи Жаҳон урушининг оғир мусибат ва жароҳатлари ҳали-ҳануз тинчликсевар халқимиз хотирасидан ўчгани йўқ. Хусусан, ўша йиллар вилоятдан 200 мингдан зиёд мард йигитлар қўлига қурол олиб, тинчлик учун жангга кирди. Уларнинг 40 минг нафарга яқини жанг майдонларида қурбон бўлди.

Президентимиз топшириқларига мувофиқ, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийлари, шунингдек, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилди. Барча жойларда, меҳнат жамоаларида меҳнат фахрийларини йўқлаш, уларга кенг кўламда ғамхўрлик қилиш, саломатликларини тиклашга катта эътибор қаратилаётгани мамлакатимизда кекса авлод вакилларига бўлган юксак ҳурмат ва эътиборнинг ёрқин ифодаси бўлди.
Байрам кунларида вилоят ҳокими бошчилигидаги фаоллар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, навқирон ёшлар вилоятимизда умргузаронлик қилаётган уруш қатнашчилари ва фронт орти қаҳрамонлари, муҳтарам фахрийлар хонадонларида бўлиб, уларга Юртбошимиз номидан пул мукофотлари ва совға-саломлар тантанали вазиятда топширилди.

Мазкур мажмуада жам бўлган нуронийлар қўлларини дуога очиб, юртимиздаги тинчлик ва барқарорликка кўз тегмасин деб, дуолар қилди. “Матонат мадҳияси” мажмуасига гул қўйиш маросимидан сўнг муҳтарам фахрийлар ва фаоллар учун байрам дастурхони ёзилди.
А.Мусаев, ЎзА