Қадринг баланд бўлсин, она тилим
Қашқадарё вилоятининг Косон туманида мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида вилоят миқёсида амалий анжуман бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоятнинг барча туман ва шаҳар ҳокимларининг маслаҳатчилари ҳамда тилшунос олимлар, ижодкорлар иштирок этди.
Анжуман иштирокчилари дастлаб тумандаги “Қусам ота” қадамжосига ташриф буюриб, зиёратгоҳнинг топономик тарихи ҳақидаги маълумотлар билан қизиқди. Шундан сўнг иштирокчилар “Абдулла Орипов” номидаги кутубхона, “Ёшлар” хиёбони ҳамда тумандаги бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Тадбир давомида Президентимизнинг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакатимизда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилар фаолиятида эришилган ютуқлар ва хато-камчиликлар муҳокама қилинди.
– Тил буюк неъматдир, ҳар бир миллат ўз тилини эъзозласа, қадрласа, тараққиёти учун жон куйдирса, у тил гўзал, бетакрор ва буюк бўлиб қолаверади, – деди Косон туман ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси М.Ҳайитова. – Айниқса ёшларимиз қалбида ушбу туйғуни кучайтириш ниҳоятда аҳамиятли. Шу мақсадда туманимиз ёшлари ўртасида “Она тилимизга ҳурмат – инсоний бурч” мавзусида 3 босқичли иншолар танловини ўтказилди. Ғолиблар, ижодкор ёшлар туман ҳокими томонидан компьютер жамланмаси, планшет ҳамда китоблар билан тақдирланди. Бундан ташқари, айни пайтда “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” мавзусида ёшларимиз ўртасида онлайн иншолар танловини эълон қилганмиз. Ушбу танлов ғолиблари 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни тақдирланади.
Семинар доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари доктори Бойназар Йўлдошевнинг “Қашқадарё адиблари” номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўлмас Баротов, ЎзА