“Қадимий Мурунтовга боқиб бугун яйрайман....”
Халқимизнинг улуғ шоири Абдулла Ориповнинг бундан ўн йил илгари ёзган “Мурунтов” номли шеъридаги бу сатрлар бугунги кунда дунёда энг кўп олтин қазиб олинаётган кон сифатида тан олинган “Мурунтов”нинг ҳар бир кончисида ифтихор ва ғурур туйғусини уйғотиб, уларни янада янги марраларни эгаллашга руҳлантирмоқда.
Геологлар томонидан “Мурунтов” коннинг бугунги кундаги ресурслари тўрт минг тоннадан ортиқ баҳоланган. Коннинг узунлиги 4,3 киломтер, эни 3,2 киломтер ва чуқурлиги 650 метр эканлиги ҳисобга олинса, қандай катта ҳажмда иш олиб борилишини тасаввур этиш мумкин. Кондан шу вақтгача 2 миллиард куб метрга яқин тоғ жинслари қазиб олинишининг ўзи унинг олтин қазиб олинадиган конлар ўртасидаги юқори ўрнини кўрсатиб турибди.
Йиллар ўтган сари кон фаолиятида ҳам фан-техниканинг ривожи ва ишлаб чиқариш технологияларининг такомиллашиб бориши билан боғлиқ тарзда кўплаб ижобий ишлар амалга оширилди. Бу ерда Американинг “Caterpillar”, Япониянинг “Hitachi” каби жаҳонга машҳур фирмаларининг энг замонавий экскаваторлари ва Белорусда ишлаб чиқарилган 220-240 тоннагача юк кўтариш қувватига эга БелАЗ автоағдаргичлардан фойдаланилмоқда.

Фан ва технология ютуқларидан унумли фойдаланиш мақсадида, конда тажриба сифатида GPS технологиясидан фойданган ҳолда тоғ ишларини автоматик тизимда бошқаришнинг биринчи навбати йўлга қўйилди. Сўнгра мазкур технологияни янада такомиллаштирган ҳолда GPS сунъий йўлдош алоқадан фойдаланиш тизимига ўтилди. Автоағдаргичлар ва экскаваторларда ўрнатилган узатгичлар сунъий йўлдош канали орқали марказий компьютерга сигнал беради. Марказдаги кузатувчи оператор эса монитор экранидан коннинг юклаш зонасидан юкни тўкиш пунктларигача бўлган барча участкалардаги транспорт ва юклаш ускуналарининг ҳолатини доимий назорат қилиб боради. Бундан ташқари, мазкур қурилма кондаги юк оқимини бошқариш тезкорлигини таъминлаш билан бирга автоағдаргич ҳамда экскаваторларни қайта юклаш пунктларига тақсимлайди. Юкланган тоғ жинслари ҳажмини ҳисоблаб, маъданни қазиб олиш сифатини бошқариш имкониятини ҳам беради.
“Мурунтов” кони маъданлари жуда мураккаб кон-геологик тузилишга эга. Уларни қазиб олишга тайёрлаш ўзига яраша ёндашувни талаб этади. Бу борада кончилик қонун-қоидалари ҳамда талаблари асосида конда ўрнатилган тартиб бўйича доимий ишлар амалга оширилади. Бунда бурғилаш ва портлатиш ишлари параметрлари белгиланади. Портлатиш ишларининг хавфсизлигини ошириш ва портлатишга кетадиган вақтни қисқартириш мақсадида 1996 йилда “Друза” радиобошқарув тизими ишга туширилган. Ушбу тизим блокларни портлатиш вақти ва кетма-кетлигини ўрнатишга имкон беради. Яъни, алоҳида блоклар орасида портлатишларни хоҳлаган вақт оралиғида ўтказиш ҳамда оммавий портлатишни хоҳлаган вақт оралиғида ҳамда хоҳлаган пайтда тўхтатиш мумкин.
Кўп йиллар давомида комбинатга қарашли конларда портлатиш ишлари учун портлатувчи моддалар бошқа мамлакатлардан олиб келинган. Бу эса жуда кўп вақт ва маблағ сарфланиши билан бирга оғир қўл меҳнатини ҳам талаб этарди. 2001-2002 йилларда “Orica Germany” компанияси технологияси асосида 1-эмульсион портлатувчи моддалар заводи қурилди ва 2002 йил сентябрь ойида ишга туширилди.

Мамлакатимиздаги фойдали қазилма бойликларини қазиб оладиган конларда эмульсион портловчи моддаларга бўлган эҳтиёж ортиб борди. Комбинат эҳтиёжи учун заводнинг эмульсион портловчи моддалар ишлаб чиқариш йиллик қуввати 3 минг тоннани ташкил қиларди. 2018 йилга келиб бу кўрсаткич қарийб икки ҳиссага ошди. Комбинатда янги конларнинг очилиши, айниқса, Зармитан ҳудудидаги ер ости фойдали қазилма конлари ҳамда бошқа корхоналар учун эмульсион портловчи моддаларга бўлган эҳтиёжни эътиборга олиб, 2-завод қурилиши лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа қиймати 4,8 млн. доллар бўлган заводда энг илғор технологиялар, яъни автоматлаштирилган узлуксиз технологик линиялар ўрнатилди. Мазкур технологиялар маҳаллий хомашёга мослиги, вақт ва энергия тежамкорлиги ҳамда автоматлаштирилганлиги билан ажралиб турарди. Бу заводда ишлаб чиқариладиган маҳсулот барча фойдали қазилма конларининг тоғ-кон, геологик жараёнлари талабларига мос келади.

Коннинг Марказий гамма-активлаштирилган таҳлилли лабораторияси комбинатнинг ноёб бўлинмалари сирасига киради. Мана 44 йилдирки, лабораторияда электронларни чизиқли тезлатгичда тормозланган гамма нурлари орқали таҳлил ишлари олиб борилади. Лабораторияда геологик намуналарнинг таркибидаги олтинни тезкор гамма-активлашган таҳлил қилиш жараёни йилдан-йилга такомиллашиб бораяпти. 1977 йилнинг биринчи чорагида лабораторияда бир сменада 50 та намуна таҳлил қилинган бўлса, ҳозирги кунда кунига (бир сутка давомида) битта тезлатгичда 3 минг 500 дан ортиқ намуна таҳлил қилинмоқда. Лабораторияда қисқа муддат - 17 сонияда рудадаги олтин таркибини аниқлаб бериш имконияти мавжуд.
Сўнгги йилларда лабораторияда олиб борилаётган таҳлилларнинг йиллик кўрсаткичи 1 миллион 500 мингтагача намунани ташкил этмоқда. Дунёдаги ҳеч бир физик лаборатория бу ҳажмда таҳлил ўтказиш имкониятига эга эмас. Бу лаборатория ноёблигининг сири ҳам шунда.
Лаборатория нафақат комбинат бўлинмалари, балки Ўзбекистон Геология давлат қўмитасига қарашли геологик-қидирув экспедициялари учун ҳам намуналарни таҳлил қилиб бераяпти. Таҳлил жараёнида аналитик назорат учун стандарт намуналар кенг қўлланилади. Лаборатория давлат намуна стандартларини аттестация қилиш жараёнларида кўп бора муваффақиятли иштирок этган.
Йиллар давомида “Мурунтов” кони чуқурлиги ошиши, тоғ жинсларини доимий ва вақтинчалик сақлаш жойларига етказиш масофасининг узайишига ҳамда ишлаб чиқариш харажатлари миқдорининг кўпайишига олиб келиши табиий ҳолдир. Корхонада тежамкорликка эришиш мақсадида 2011 йилда комбинат муҳандислари томонидан дунёда ўхшаши бўлмаган ягона лойиҳа ҳисобланган Тик-қия конвейер мажмуаси ишга туширилди.
Ушбу мажмуанинг умумий узунлиги 3 кмни ташкил қилади. У ўзининг иқтисодий самарадорлиги жиҳатдан автотранспортда тоғ жинсларини ташигандан кўра иш унумдорлигини бир неча бор оширади.Бунинг натижасида тоғ жинсларини ташишда масофа ва дизель ёқилғиси сарфи қисқариб, атроф-муҳит ва атмосферага чанг, газ тарқалишининг камайишига эришилди. Юкни етказиб беришдаги харажатлар 50 фоизга камайиб, кон чуқурлигидаги маъданларни ташишда автоағдаргичларнинг кўтарилиш баландлиги 300 метр қисқарди.
Махсус бошқарув марказидан бошқариладиган Тик-қия конвейерининг ишлаб чиқариш унумдорлиги соатига 3500 тоннага тенг. Иш жараёни автоматлаштирилган ҳолда компьютерда назорат қилинади. Коннинг ўзгарувчан, мураккаб об-ҳаво шароитида қазиб олиш ишлари ва маъданларни ташиш ҳажмининг кўпайиши натижасида 2014 йилда конвейер мажмуасига қўшимча равишда 2 та янги конвейер линияси ишга туширилди. Ушбу янги конвейер линиялари кон остидан чиқарилган тоғ жинсларини вақтинча ва доимий махсус жойларга етказиб беради.

“Мурунтов” конининг топилишига “ХХ аср мўъжизаси” дея таъриф берилган. Комбинатда эришилаётган ютуқларда улкан корхонанинг асосий хомашё базаси бўлган мазкур кон аҳил ва меҳнатсевар жамоасининг арзигулик ҳиссаси бўлаяпти. Том маънода юртимизнинг бебаҳо хазинаси бўлган “Мурунтов” кони дунё конлари ўртасида етакчилик қилиб келмоқда. 2020 йил якунларига кўра нуфузли “KITKO” таҳлил маркази томонидан олтин қазиб олувчи етакчи конлар бўйича тузилган рўйхатда “Мурунтов” кони биринчи ўринни эгаллагани барчамиз учун катта шарафдир. Бу, комбинат юксак малакали мутахассислари ва муҳандисларининг конда олиб бораётган кенг кўламли илмий-тадқиқот ишлари самараси десак, айни ҳақиқат бўлади.
Ҳозирги вақтда ушбу кондан йилига 42 миллион тоннадан ортиқ маъдан қазиб олинаётган бўлса, яқин келажакда бу кўрсаткични 50 миллион тоннага етказиш кўзда тутилган. Шу мақсадда, айни пайтда қарийб 1800 нафар янги иш ўрини яратиш имконини берувчи “Мурунтов” конини ўзлаштиришнинг V навбати” инвестицион лойиҳаси жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги тантаналари арафасида мазкур лойиҳа доирасида янги даврий оқим технологияси мажмуаси фойдаланишга топширилди. Янги мажмуани барпо этишдан мақсад коннинг V навбати 1-босқичини белгиланган муддатда ўзлаштириш ва 2-гидрометаллургия заводи қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш асосида қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришдир.

Мазкур лойиҳа майдалаш ва узатиш пункти, қия-магистрал конвейер, ағдарма ташиш конвейери, темир йўл ўтиш иншооти каби қисмларни ўз ичига олади. Майдалаш ва узатиш пункти автомобиль ва конвейер транспортининг кесишмасида жойлашган бўлиб, кон тошларини маълум миқдоргача майдалаб, сўнгра қия магистрал конвейерга узатади.
Унинг умумий қуввати соатига 7 минг тоннани ташкил этади. Мажмуа учун зарур барча конвейерлар Навоий машинасозлик заводида тайёрланиб, уларни йиғиш ишлари Зарафшон қурилиш бошқармаси, “Жанубсаноатмонтаж” акционерлик жамияти ҳамда Марказий кон бошқармаси мутахассислари ва ишчилари томонидан амалга оширилди. Янги мажмуа “Мурунтов” кони бешинчи навбатини ўзлаштиришнинг бошланиши, дебочасидир.
Шунингдек, 2-гидрометаллургия заводининг қайта ишлаш мажмуаси қувватини ошириш мақсадида “Мурунтов” кони таркибида Чуқурқудуқ, Бессапантау, Балпантау ва Томдибулоқ каби янги конларни очиш ва фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, инвестиция лойиҳалари ва инновацион ғояларнинг ишлаб чиқаришга дадил жорий этилаётгани ҳамда истиқболли режаларга мустаҳкам замин яратилаётганлиги “Мурунтов” кони жамоаси ишчи-хизматчилари, барча меҳнат аҳлида фаровон ҳаётдан шукроналик, эртанги кунга ишонч руҳини уйғотиши табиий. Бу эса, ҳеч шубҳасиз, янги, юксак марраларни забт этишда мустаҳкам замин бўлади.
Низомиддин САДРИДДИНОВ,
НКМК “Кончилар ҳаёти” газетаси муҳаррири
ЎзА