Қадим Жидда – анъана ва маънавият маскани
Муқаддас Рамазон ойи кечаларида Жидда шаҳрининг тарихий ҳудуди меҳмонларни ҳақиқий Ҳижоз меҳмондўстлиги билан қарши олмоқда. Қадимий дарвозалардан кирган заҳотиёқ, халқ қўшиқлари садоси, анъанавий либосдаги йигит-қизлар табассуми ва дуолар муҳити сайёҳларни гўё ўтмиш бағрига етаклайди, деб ёзган ЎзА ҳамкори SPA нашри.
Майдон ва тор кўчаларда миллий кийим кийган ёшлар қадимий тароналарни ижро этиб, шаҳарнинг аввалги маҳаллалари руҳини қайта жонлантирмоқда. Уларнинг самимий табриклари, эзгу тилаклари Рамазон тунларига алоҳида илиқлик бағишлаб, маънавият ва шодликни уйғунлаштиради.

Бу тадбирлар оддий томоша мақомидан чиқиб, анча кенг маъно касб этган. Фуқаролар, резидентлар ва турли миллат вакиллари фаоллик кўрсатиб, хиргойига қўшилади, маданий меросни бирга ҳис этади. Шу тариқа тарихий ҳудуд очиқ саҳнага айланиб, жонли мулоқот майдонига айланмоқда.
Мазкур ташаббуслар Подшоҳликнинг номоддий маданий меросини асраш ва тарғиб этишга қаратилган кенг кўламли саъй-ҳаракат доирасида амалга оширилмоқда. ЮНЕСКО рўйхатига киритилган ушбу маскан орқали Жидданинг бой маданий қатлами, ижтимоий анъаналари жаҳон жамоатчилигига кўз-кўз этилмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА