Қабул-2026: кимлар учун қўшимча грант ва алоҳида квоталар ажратилди?
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда олий таълимга кириш имкониятларини кенгайтириш билан бир қаторда, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қабул жараёнларида имтиёзли квоталарни жорий этиш орқали етим болалар, кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳамда хотин-қизларнинг олий маълумот олиш имкониятлари янада кенгаймоқда. Бу эса таълим соҳасида тенг имкониятлар тамойилини таъминлашга хизмат қилувчи муҳим механизм ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан 2026/2027 ўқув йили учун давлат олий таълим ташкилотларининг умумий қабул параметрлари тасдиқланди.

Қарорга мувофиқ, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор қўшимча давлат гранти ва алоҳида қабул квоталари ажратилди.
Жумладан, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун қўшимча 1 фоизлик давлат гранти квотаси белгиланди. Бу мазкур тоифадаги ёшларнинг олий таълимга кириш имкониятларини кенгайтириш ва уларнинг келажакда муносиб касб эгаллашига кўмаклашишга қаратилган.
Шунингдек, “Ижтимоий реестр”га киритилган оилалар фарзандлари учун қўшимча 10 фоизлик давлат гранти квотаси ажратилди. Ушбу қарор кам таъминланган оилалар фарзандларининг молиявий тўсиқларсиз олий таълим олиши учун муҳим ижтимоий кафолат бўлиб хизмат қилади.
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чоралар ҳам давом эттирилмоқда. Хусусан, камида 5 йиллик меҳнат стажига эга хотин-қизлар учун 2 500 та алоҳида тўлов-контракт ўрни ажратилди. Бу меҳнат фаолиятини олиб бораётган аёлларга ўз малакасини ошириш ва олий маълумот олиш имкониятини яратади.
Бундан ташқари, кундузги таълим шаклида таҳсил оладиган хотин-қизлар учун қўшимча 4 000 та давлат гранти ажратилди. Бу қарор хотин-қизларнинг таълим олишга бўлган қизиқишини рағбатлантириш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва иқтисодий фаоллигини оширишга хизмат қилади.
Мутахассисларнинг фикрича, қабул квоталарида ижтимоий йўналтирилган ёндашувнинг кучайтирилиши мамлакатда инсон капитали сифатини ошириш, тенг имкониятларни таъминлаш ва аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш сиёсати изчил давом этаётганини кўрсатади.
Умуман, 2026/2027 ўқув йили учун тасдиқланган қабул параметрлари нафақат олий таълим қамровини кенгайтириш, балки таълим орқали ижтимоий адолатни таъминлаш, хотин-қизлар ва ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳамда мамлакат тараққиёти учун рақобатбардош кадрлар тайёрлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА