Путин ва Трамп телефон орқали гаплашди
Давлат раҳбарлари мазкур хавфга қарши кўрилаётган чоралардан бир-бирларини бохабар қилишди.
Россия Федерацияси ва Америка Қўшма Штатлари президентлари Владимир Путин ҳамда Дональд Трамп телефон орқали мулоқот қилишди. Навбатдаги сўзлашув чоғида икки етакчи коронавируснинг дунё бўйлаб кенг тарқалиб бораётганидан бирдек ташвишда эканликларини изҳор этишди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизматидан маълум қилишган.
Давлат раҳбарлари мазкур хавфга қарши кўрилаётган чоралардан бир-бирларини бохабар қилишди.
Бундан ташқари Путин ва Трамп жаҳон нефть бозоридаги бугунги аҳвол ҳақида фикр алмашиб, энергетика вазирлари даражасидаги икки томонлама учрашувлар борасида келишиб олишди.
Президентлар ўзаро алоқаларни давом эттириш зарурлигини маъқуллашди.
Бундан бир неча кун аввал Трамп “Fox News” телеканали эфирида “Россия билан келишиш, бу – яхши" дея таъкидлаганди. Унинг қайд этишича, нефть нархининг тушиб кетиши Москва ва Ар-Риёд ўртасидаги “уруш“ натижасида рўй берган.
Трамп Владимир Путин билан бўлажак телефон орқали мулоқот чоғида Россия президенти нималарни сўраши мумкинлиги ҳақидаги тахминларини ҳам илгари сурганди. Жумладан, Путин Трампдан биринчи навбатда Россияга нисбатан амалдаги санкцияларни бекор қилишни таклиф этади, дея фараз қилганди. Бу ҳақда АҚШ етакчиси ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида билдирган эди.
Трамп Россия раҳбари аввал ҳам бу ҳақда икки бор илтимос қилганини эслатиб ўтганди.
Шунингдек, Россия ва АҚШ президентлари мулоқотида нефтнинг нархи, савдо масалалари, Венесуэладаги вазият ва коронавирус пандемияси мавзулари ҳам кўтарилиши тахмин қилинганди.
Гувоҳи бўлганингиздек, телефон орқали мулоқотда Трампнинг тахминлари унчалик тўғри чиқмади.