Путин Европага ҳужум қилиши мумкинми?
Украинадаги можаро давом этар экан, халқаро кузатувчилар Европа хавфсизлиги борасида янгича хавотир билдирмоқда. Яъни, Путиннинг навбатдаги кутилмаган қадами қитъада жиддий кескинликни келтириб чиқариши мумкин экан.
”The Washington Post” нашри таҳлилига кўра, Владимир Путин бир неча йўналишда жиддий босим остида қолган бўлишига қарамай, келажакда кутилмаган таваккал қадамлар ташлаши мумкин. Россия армияси Украина фронтида беҳисоб йўқотишга учраган ва ҳалигача мақсадига эриша олмаган. Айнан шу ҳолат Кремлни янада тажовузкор режа тузишга мажбур қилмоқда. Карнеги жамғармаси эксперти Южин Румернинг фикрича, Киев билан уруш туфайли заифлашган бўлса-да, Россиянинг Европа учун хавфи камаймаган.
Экспертлар тахминича, Путин Ғарб давлатлари ҳарбий салоҳиятни тўлиқ тиклаб, қайта қуролланиб олгунига қадар Европага қарши янги фронт очиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Шу аснода Америка Қўшма Штатларининг ушбу масалага ёндашуви муҳим аҳамиятга эга. Дональд Трампнинг НАТО шартномаларига нисбатан танқидий қараши кўҳна қитъадаги иттифоқчилар орасида Альянс бирдамлиги бўйича шубҳани кучайтирган. Ҳарбий таҳлилчи Майкл Кофман ҳам Россия фронт чизиғида жиддий ютуққа эриша олмаётгани сабабли, вазиятни кескин ўзгартириш учун янги ҳарбий сценарийга қўл уриши мумкинлигини таъкидламоқда.
Россия расмийлари риторикаси ҳам тобора кескин тус олмоқда. РФ Мудофаа вазирлиги ва Дмитрий Медведев каби юқори лавозимли шахслар Украинага учувчисиз учиш қурилмалари етказиб бераётган Германия, Буюк Британия, Швеция, Италия ва Нидерландия каби давлатларни очиқдан-очиқ нишон сифатида кўрсатмоқда. Таҳлилчилар фикрича, руслар НАТОнинг жамоавий мудофаа тизими қай даражада ишлашини синаб кўриш мақсадида Болтиқ бўйи мамлакатларига босим ўтказиши, ҳатто ҳарбий ҳужум уюштириши ҳам мумкин.
Ф. Яхшибоева, ЎзА