Прокурорлар давлат дастури ижросини ўрганмоқда
Жиззах вилояти прокурори Б.Иброҳимов камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида Дўстлик туманининг “Қаҳрамон” маҳалла фуқаролар йиғинида шу тоифадаги аҳоли билан учрашиб, камбағал оилаларнинг турмуш шароитини “хонадонбай” тарзда ўрганиб чиқди.
Ўрганишлар жараёнида вилоят прокурори Президентимизнинг жорий йил 23 сентябрдаги “Камбағалликдан – фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида оғир аҳволдаги оилаларни камбағалликдан чиқариш, улар билан манзилли дастур асосида ишлашда қонунийликни таъминлаш, ишсизларни иш билан таъминлаш юзасидан масъулларга аниқ кўрсатма ва топшириқлар берди.


Вилоят прокурори тумандаги ижтимоий объектларнинг куз-қиш мавсумига тайёрлиги борасида олиб борилаётган ишлар билан ҳам яқиндан танишиб, мавсумни беталофат ўтказиш, баъзи объектларда мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш борасида мутасаддиларга аниқ кўрсатма, топшириқ, тавсия ва ўз маслаҳатларини берди.
Вилоят прокурори ўринбосари А.Мирзаев эса Зомин тумани Даштобод шаҳарчасида аҳолининг камбағал қатлами сифатида қайд қилинган оилаларнинг яшаш шароитларини атрофлича ўрганиб чиқди. Ушбу ўрганишлар давомида оғир аҳволдаги оилаларни камбағалликдан чиқариш, улар билан манзилли ишлаш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар бериб, ижроси юзасидан ҳисобот талаб қилинишини алоҳида таъкидлади.


Вилоят прокурори ўринбосари А.Мирзаев ва Зарбдор туман прокурори Р.Машарипов камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш доирасида янги иш ўринлари мавжуд бўлган Зарбдор тумани Бўстон шаҳарчасидаги тикувчилик комплекси фаолиятини ўрганди. “Аёллар дафтари” рўйхатида турган, эҳтиёжманд, кам таъминланган, вақтинчалик банд бўлмаган хотин-қизларни касбга ўқитиб, уларга тикувчиликнинг сир-асрорларини ўргатиб, иш билан таъминлаш юзасидан корхона мутасаддиларига аниқ кўрсатмалар берди.
Пахтакор туман прокурори Х.Газиев ҳам тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари иштирокида ўзига бириктирилган камбағал оилаларда бўлиб, улар билан яқиндан суҳбатлашди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари