Прокурор талаба-ёшлар билан учрашди
Жиззах давлат педагогика университетида “Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик!” шиори остида ўтказилган “Прокурор ва ёшлар” учрашуви аввалида меҳмонлар университетда талаба-ёшлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан таништирилди.
Меҳмонларга университет ректори, профессор Шавкат Шарипов олий ўқув юртининг 50 йиллик тарихи ҳақида атрофлича маълумотлар берди.
Жиззах вилояти прокурори Бахтиёр Иброҳимов талаба-ёшларнинг сифатли таълим олиши учун олийгоҳда яратилган шарт-шароитлар, жумладан, ўқув аудиториялари, регистратор офиси, очиқ ва ёпиқ спорт майдонлари ҳамда янги таъмирдан чиққан ахборот ресурс маркази фаолияти билан ҳам танишди.
Олий ўқув юрти билан танишув маросими университет ҳудудида барпо этилган “Профессорлар боғи”га кўчат экиш тадбири билан якунланди.
Сўнгра “Прокурор ва ёшлар учрашуви”нинг асосий қисми университет Маданият саройида давом этирилиб, унда Жиззах шаҳридаги 5 та олий таълим муассасаси талаба-ёшларининг вакиллари ҳозир бўлди.
Тадбирни Ёшлар ишлари агентлиги Жиззах шаҳар бўлими бошлиғи Фарзона Адилова олиб борди.
Очиқ мулоқот ва савол-жавоб тарзида ўтган учрашувда Жиззах вилоят прокурори Бахтиёр Иброҳимов мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида чиқарилган қонун, фармон, қарор ва меъёрий ҳужжатлар ҳамда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида атрофлича сўзлади.
Жиззах вилояти прокурори ёшларнинг эришаётган муваффақиятларини эътироф этиши баробарида талаба-ёшлар ўртасида юзага келаётган айрим кўнгилсиз ҳолатлар, яъни ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик каби иллатлар ва унинг оқибатлари ҳақида ҳаётий мисоллар орқали гапирди.
Бундан ташқари, талаба-ёшларнинг прокурор ва прокуратура тизими билан ҳамкорлиги борасида, сифатли таълим олиш, турли танловлар, мулоқотлар, мастер-класслар, ўқув амалиётлари ташкил этиш каби қатор масалалар ҳам илгари сурилди.
[gallery-20459]
Ёшларнинг ўз таълим йўналиши бўйича билим ва кўникмаларини янада ошириш мақсадида “Жамоатчилик асосида прокурор ёрдамчилари” лойиҳаси ёшлар томонидан илгари сурилди. 30 нафар иқтидорли ва фаол талаба прокурор ёрдамчилари сифатида таништирилиб, уларга гувоҳномалар топширилди.
“Прокурор ва ёшлар” учрашуви ниҳоясида халқаро ва республика миқёсидаги спорт мусобақаларида юқори натижаларни кўрсатган спортчи талабалар тақдирланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари