Прокурор ўринбосари жаҳон чемпиони бўлди
Кадрлар салоҳияти, касб маҳорати ва ишчанлигини ошириб боришда спортнинг ўрни катта.
Бу борада прокуратура органлари томонидан спорт машғулотлари, турли мусобақалар ва шу каби бошқа амалий тадбирлар ўтказилиши доимий йўлга қўйилган бўлиб, унда ходимларнинг жисмоний тайёргарлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йил 26-30 октябрь кунлари Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида “UNIFIGHT” спорт тури бўйича катталар ва ёшлар ўртасида ўтказилган Жаҳон чемпионатида Фарғона шаҳар прокурорининг ўринбосари Жасурбек Долимов иштирок этиб, олтин медални қўлга киритди.
28 давлатдан 450 нафарга яқин спортчи иштирок этган чемпионатда Жасурбек финалда икки карра жаҳон чемпиони украиналик Антон Чабанга қарши жанг олиб бориб, биринчи раунднинг ўзида бўғиш усулида ғалаба қозонди.
Жасурбек муқаддам ўтказилган жаҳон чемпионатларида икки маротаба бронза медалига сазовор бўлган.
Н.Абдураимова, ЎзА