Профессионал таълимни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида Швейцария элчихонасининг Профессионал таълимни ривожлантиришга доир янги лойиҳаси бўйича учрашув бўлиб ўтди.
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев, Швейцариянинг Профессионал таълим соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш бўйича лойиҳа раҳбари Брике Стинхоф, Швейцария элчихонасининг мамлакатимиздаги дастурлар миллий координатори Дилдора Абиджанова, миллий экспертлар иштирок этган тадбирда 2021-2033 йилларда Ўзбекистонда профессионал таълим ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш бўйича грант лойиҳасини амалга оширишга доир ҳамкорлик йўналишлари ва истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида Б.Стинхоф самимий қабул учун ташаккур билдирар экан, амалга оширилиши кутилаётган лойиҳа ҳақида қисқача маълумот берди.
– Ҳелветас компанияси бугунги кунга қадар Қирғизистон ва Тожикистон каби қўшни мамлакатлар билан изчил ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиб келмоқда. Бунда асосий эътибор қаратиладиган жиҳат: таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги боғлиқликни таъминлашдир. Мазкур лойиҳа Германия, Швейцария ва Австрияда жуда яхши самара берган. Ўйлаймизки, ёшларга сифатли таълим бериш ва меҳнат бозорини малакали кадрлар билан таъминлашда Ўзбекистон билан амалга оширадиган лойиҳаларимиз ўз самарасини беради, – деди Швейцариянинг Профессионал таълим соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш бўйича лойиҳа раҳбари.
Ўз навбатида, Таълим инспекцияси бошлиғи У.Ташкенбаев Швейцария вакиллари томонидан илгари сурилаётган ташаббусни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
– Профессионал таълим босқичида малакали кадрлар тайёрлаш масаласи бугунги кунда олдимизда турган энг муҳим масалалардан бири бўлиб турибди, – деди У.Ташкенбаев. – Бу борада Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан изчил ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиб келмоқдамиз. Президентимизнинг “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш билан боғлиқ бўлган норматив-ҳуқуқий базани тубдан қайта кўриб чиқиш ва халқаро андозалар асосида янгиларини яратиш бўйича бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилди. Ушбу вазифаларни амалга оширишда Таълим инспекцияси ҳам бевосита иштирок этиб келмоқда. Хусусан, 20 дан ортиқ мамлакатларнинг тажрибасини ўрганган ҳолда Ўзбекистонда илк бор Миллий квалификация рамкаси ҳамда халқаро андозаларга мос равишда янги шакл ва мазмундаги “Профессионал стандарт”лар ишлаб чиқилди. Бу эса профессионал таълим босқичида малакали кадрларни янги технологиялар асосида тайёрлаш имконини беради.
Қайд этиш жоизки, Швейцария ҳукумати томонидан молиялаштириладиган мазкур лойиҳада вазирлик ва идоралар билан бир қаторда, бизнес ва хусусий сектор вакилларининг ҳам иштирок этиши кутилмоқда.
Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад – профессионал таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, ўқувчиларда меҳнат бозорига йўналтирилган билим ва кўникмаларни шакллантириш ва шу орқали уларни келгусида иқтисодиёт тармоқларида муносиб иш ўринларини топиш имкониятларини кенгайтириш ҳисобланади.
edited
Шунингдек, ушбу жараён профессионал таълимни бошқариш, профессионал таълимда сифатни таъминлаш, ўқитувчилар малакасини ошириш ва профессионал таълимга тадбиркорлик субъектлари ва иш берувчиларни жалб қилиш каби масалаларни ўз ичига олади.
Учрашувда лойиҳани бошлаш ва амалга ошириш бўйича асосий масалалар келишиб олинди.
Маълумот учун: Ҳелветас Swiss Intercooperation ривожланаётган мамлакатларга ёрдам берувчи Швейцариянинг мустақил ташкилоти. Ҳозирда компания дунёнинг 32 мамлакатида ўз лойиҳаларига эга.
Файзулло Яҳёев, ЎзА