Президентни йиғлатган Она мактуби
14 январ – Ватан ҳимоячилари куни
Мунаввархон ая ўғлидан айрилган ўша мудҳиш кунни сира унута олмайди. Унга фақат бир юпанч бор: Бобуржон Ватан ҳимояси йўлида, террорчиларга қарши бўлган жангда ўз жонини фидо қилди.
Қаҳрамонларнинг онаси ҳам фарзандидек мард, фидоий бўлар экан. Марғилон шаҳар “Саховат” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Мунаввархон Ғаниева билан суҳбатлашиб, бунга яна бир бор амин бўлдик.
2000 йилнинг июль-август ойларида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманлари тоғли қишлоқларига бир гуруҳ террорчилар бостириб кирди. Қонли тўқнашувларда бир қанча мард, довюрак йигитлар қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Шулардан бири, 23 ёшли лейтенант Бобуржон Ғаниев эди. Мард йигит ўлими унинг онаси, жигарларини қанчалик қайғуга солганини тасаввур этиш қийин. Бир ўғлонни вояга етказиб, эл корига ярайдиган қилиб тарбиялаб, камолини кўрмасдан сўнгги манзилга кузатиш осонми? Ахир бир ойдан сўнг унинг никоҳ тўйи бўлиши керак эди-да... Онанинг орзулари рўёга айланди.
Фарзанд доғида адо бўлган Мунаввархон ая ўшанда Президент Ислом Каримовга мактуб йўллади. Ислом Каримов бу мактубни Олий Мажлис сессиясида ўқиб эшиттирди.
“Ўғлим ўзини хизмат бурчини адо этаётган вақтда ўз она юртини ҳимоя қилиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Мен бундай ўғилни боққанимга мингдан минг розиман. Боламга берган оқ сутимга розиман” деган сўзларни битганди онахон. Ислом Каримов ушбу мактубни кучли ҳаяжон ва кўзида ёш билан ўқиб эшиттирган эди.
Марғилонда Ғаниевларни ҳарбийлар оиласи сифатида яхши билишади. Отаси Абдуҳамид ака капитан унвонида Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилган. Онаси ўқитувчи. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Мунаввархон Ғаниева педагог сифатида эл орасида эъзоз топган. Нафақага чиққанидан сўнг 13 йил “Йўрмадўз”, “Саховат” маҳалла фуқаролар йиғинига раислик қилди. Маҳалланинг чин маънода виждони бўла олди. Ҳаж зиёрати насиб қилди, бугунги кунда 82 ёшли онахон фарзандлари ва неваралари эъзозида умргузаронлик қилмоқда.
–Турмуш ўртоғим 45 ёшида вафот этиб, беш нафар фарзанд тарбияси зиммамга тушган, – дейди Мунаввархон ая. – Худога шукр, уларни оқ ювиб, оқ тарадим, барчасини ўқитдим. Ватанпарварлик тарбиясига муҳим эътибор қаратдим. Уч нафар фарзандим дадасини йўлини танлаб, ҳарбий бўлди. Уларнинг ичида кенжатойим – Бобуржон жуда бошқача эди. Баланд бўйли, келишимли ўғлимга ҳамма ҳавас қиларди. Бир сўзли, ваъдага вафодор эди у. Ўғлимнинг ҳалок бўлганлигини эшитганимда бутунлай ўзимни йўқотганман. Таъзиясида тумонат одам йиғилган. Бор кучимни йиғиб, шундай мард ўғлонни дунёга келтирганимга шукрона айтганим кечагидек эсимда. Туни билан мижжа қоқмай Президентга хат ёзганман. У киши хатимни олиб, кўзида ёш билан ўқиб бергани эса менга катта куч бағишлаган.
Йиллар кўз очиб юмгунча ўтаркан. Аммо мард ўғлон хотираси қалбларда мангу яшамоқда. Бобуржон яшаган хонадонда уй-музейи ташкил этилиб, ёдгорлик лавҳаси ўрнатилган. Туғилиб ўсган кўчага унинг номи берилган.
Мунаввархон ая шундай ватанпарварларни тарбиялаганидан, қаҳрамоннинг онаси бўлганидан қалби ғурур ва ифтихорда. Оналарнинг буюклиги ҳам аслида шу.
[gallery-5348]
М. Сулаймонов, М. Қодиров(сурат), ЎзА