Президентимиз Олмазор туманида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича йўлга қўйилган янги иш услуби натижаларини ҳам таҳлил қилди
Йил бошидан туманга Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг профессор-ўқитувчилари бириктирилган. Улар 23 нафар терговчи билан ишлаб, ҳудудда кўп учрайдиган жиноятларнинг олдини олиш ва тергов самарадорлигини ошириш бўйича замонавий методикаларни жорий этмоқда.
Академиянинг 20 нафар талабаси эса дуал таълим асосида тажрибали терговчилар ва профилактика инспекторларига бириктирилган. Бу уларнинг амалий тайёргарлигини кучайтириш билан бирга маҳаллаларда профилактика ишларига ҳам кўмак бермоқда.
Натижада тумандаги 64 та маҳалланинг 13 тасида жиноят содир этилмаган, криминоген вазияти оғир тоифадаги маҳаллалар эса қолмаган. Аёллар иштирокидаги жиноятлар 22 тадан 10 тага камайган, муқаддам жазо ўтаган шахслар томонидан қайта жиноят содир этиш ҳолатлари кузатилмаган.
Шу билан бирга, ёшлар ўртасидаги жиноятчилик ва тан жароҳати билан боғлиқ ҳолатлар ҳали ҳам алоҳида эътибор талаб қилиши қайд этилди.
Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни кескин камайтириш бўйича самарали профилактика механизмларини ишлаб чиқиб, Олмазор тажрибасини шакллантириш вазифаси қўйилди.
ЎзА