Президентимиз Бухородаги бунёдкорлик лойиҳалари билан танишди
Президент Шавкат Мирзиёев Бухорога сафари чоғида шаҳарнинг янги аэропортини барпо этиш лойиҳаси билан танишди.
Мамлакатимизда транспорт инфратузилмаси изчил ривожлантирилмоқда. Янги йўл ва кўприклар қурилиб, йўловчиларга қулайликлар оширилмоқда. Қайд этиш керакки, давлатимиз раҳбари 2024 йилда Бухоро вилоятига ташрифи давомида ҳудуднинг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш мақсадида Бухоронинг янги халқаро аэропортини барпо этиш бўйича муҳим топшириқ берган эди.

Ушбу транспорт иншооти ҳамда унга туташ инфратузилмани барпо этиш учун шаҳар ташқарисидан жами 370 гектар ер майдони ажратилган. Лойиҳа доирасида аэропортга олиб борувчи автомобиль йўли ҳам қурилмоқда. Унинг умумий узунлиги 23,8 километрни ташкил этиб, шундан 2,7 километри мутлақо янги йўл, 21,1 километри эса реконструкция қилинади. Шунингдек, йўл бўйида 2 та йўл ўтказгич, 9 та ер ости пиёдалар ўтиш жойи ва 8 та кўприк барпо этилиши назарда тутилган.
Лойиҳага кўра, янги аэропортда узунлиги 3,3 километр бўлган, барча турдаги ҳаво кемаларини қабул қилиш имконига эга учиш-қўниш йўлаги, шунингдек, соатига 1200 нафар йўловчига юқори даражада хизмат кўрсатиш қувватига эга аэровокзал мажмуаси қурилади.

– Биз Бухоро вилояти аҳолиси, шунингдек, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун замонавий ва қулай хизмат кўрсатадиган аэропорт барпо этишни мақсад қилганмиз. Шундай экан, ушбу аэропорт жаҳон стандартлари талабларига тўлиқ мос бўлиши шарт, – деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбарига Бухоро вилоятининг иқтисодий, инвестициявий ва туризм салоҳиятини оширишга қаратилган бошқа қурилиш лойиҳалари ҳақида ҳам ахборот берилди.
