Президент топшириғи: ҳудудларда ўрганиш ишлари бошланди
Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан 30 июнь куни ёшлар билан ўтказилган учрашувда масъулларга соҳани ривожлантиришга қаратилган 50 га яқин устувор вазифалар белгилаб берилган эди. Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Республика комиссияси ишчи гуруҳи ҳудудларда ўрганиш ишларини бошлади.
Айни кунларда комиссия аъзолари Жиззах, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида ёшлар билан ишлаш тизимини таҳлил қилмоқда.
Ўрганишлар давомида асосан ёшларнинг бизнес лойиҳаларини молиялаштириш, кредит ажратишдаги тўсиқларни бартараф этиш ҳамда фаолияти тўхтаб қолган ёш тадбиркорларга кўмаклашиш, битирувчиларни ишга жойлаштириш, ишсиз йигит-қизларни IТ, хорижий тиллар ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга манзилли ўқитиш масалалари кўриб чиқилмоқда.

Ҳудудларда “Ёшлар хаби” марказлари, “Ёшлар инновацион боғлари” ва замонавий китоб дўконларини ташкил этиш лойиҳалари йўлга қўйилмоқда.
“Ёшлар хаби” марказлари - ёшларнинг рақамли саводхонлигини ошириш, касб-ҳунарга ўргатиш, стартап лойиҳалари ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган инновацион масканлар. Улар замонавий компьютер жиҳозлари, коворкинг зоналари ва юқори тезликдаги интернет билан таъминланади.
Хусусан, Республика ишчи гуруҳи раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев Самарқанд вилояти ёшлари билан очиқ мулоқот ўтказди. Учрашувда ёшларни қийнаётган масалалар, уларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан амалий таклифлар билдирилди.

Мулоқот давомида ёшлар томонидан маҳаллада замонавий кутубхона ташкил этиш бўйича илгари сурилган ташаббус алоҳида эътибор марказида бўлди. Шу муносабат билан ишчи гуруҳ раҳбари Мароқанд маҳалласи инфратузилмасини жойига чиққан ҳолда ўрганиб, кутубхона ташкил этиш имкониятларини кўздан кечирди.
Шунингдек, “маҳалла еттилиги” ҳамда маҳалла фаоллари билан суҳбат ўтказилиб, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонлик маданиятини ривожлантириш, маҳалладаги мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва ёшлар учун замонавий шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг Жиззах вилоятидаги амалий ўрганишлари Зарбдор ва Бахмал туманларида давом этди.
Зарбдор туманидаги Равот маҳалласида қад ростлаётган “Ёшлар маркази” ва IТ-Park қурилиши кўздан кечирилди. Қувонарли жиҳати, бу ерда ёшлар учун янги кутубхона барпо этиш режалаштирилган бўлиб, лойиҳани амалга ошириш учун 1 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Бахмал туманида эса давлат кўмагида ўз фаолиятини бошлаган ўқув маркази ҳамда ташкил этилиши белгиланган хорижий тиллар маркази лойиҳаси билан танишилди.
Бахмал тоғида бунёд этиладиган “Ёшлар шаҳарчаси” келгусида ҳудуд йигит-қизлари учун ўзига хос имкониятлар майдонига айланиши таъкидланди.

Ўрганишлар давомида Ойқор маҳалласидаги “Baxmal Agrostar” боғида меҳнат қилаётган ёшлар билан ҳам самимий суҳбат қурилди.
Жиззах шаҳридаги “Jizzax junior” спорт клубидаги ёш футболчилар билан яқиндан мулоқот қилинди. Ўрганишлар якунида аниқланган муаммолар имкон қадар жойида ҳал этилиб, ҳудудий “йўл хариталари” тасдиқланади.
Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини муҳокама қилиш ҳамда тизим самарадорлигини янада ошириш мақсадида Республика ишчи гуруҳи томонидан ҳудудларда олиб борилаётган ўрганишлар қизғин давом этмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА