Президент ташаббуслари ҳаётбахш ўзгаришларга йўл очмоқда
Янги Ўзбекистон тараққиётининг бугунги босқичида ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш ва қишлоқларни замонавий қиёфага олиб чиқиш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бирига айланди. Президентимиз раҳбарлигида қабул қилинаётган ҳар бир қарор замирида, аввало, инсон қадрини юксалтириш, халқнинг ҳаётдан розилигини таъминлаш ва ҳар бир маҳаллани фаровон масканга айлантиришдек улуғ мақсад мужассам.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 февралда чиқарилган “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимиз ҳудудларини мутлақо янги босқичда ривожлантириш, аҳоли даромадларини ошириш, барқарор иш ўринлари яратиш ва камбағалликни қисқартиришнинг амалий дастурига айланди. Бу ҳужжатлар асосида ҳар бир туманнинг имкониятлари чуқур таҳлил қилиниб, инфратузилма, ижтимоий соҳа ва иқтисодиётни бир вақтнинг ўзида ривожлантиришга қаратилган кенг қамровли ишлар бошлаб юборилди. Бу ўзгаришларнинг ёрқин намунасини бугун бухоро вилояти Шофиркон тумани мисолида яққол кўриш мумкин.
Президент қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида туманда муҳандислик-коммуникация тармоқларини модернизация қилиш, ижтимоий соҳа объектларини янгилаш ва аҳолига қулай муҳит яратиш учун 100 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Бу маблағлар ҳисобидан янги маҳалла бинолари қурилмоқда, таълим муассасалари ва мактабгача таълим ташкилотлари капитал таъмирланмоқда. Йиллар давомида аҳолини қийнаб келган ички йўллар асфальтланиб, пиёдалар йўлаклари барпо этилмоқда. Чекка ҳудудларда электр таъминоти ва тоза ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар босқичма-босқич ҳал этилаётгани эса аҳоли турмуш сифатига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Бугунги ислоҳотларнинг энг муҳим жиҳати шундаки, қурилаётган ҳар бир иншоот, таъмирланаётган ҳар бир йўл ёки тармоқ ортида инсон манфаати, оила фаровонлиги ва келажакка бўлган ишонч мужассам.
Туманда амалга оширилаётган лойиҳалар орасида Кўришкент маҳалласидаги 42-сонли маданият марказининг реконструкция қилиниши алоҳида аҳамиятга эга.
Қиймати 847 миллион сўм бўлган ушбу лойиҳа доирасида иншоот тўлиқ замонавий талаблар асосида қайта таъмирланмоқда. Қурилиш ишларини “Doss ta’mir loyiha” МЧЖ мутахассислари олиб бормоқда.
Айни пайтда қурилиш жараёни вилоят ва туман ҳокимликлари, соҳа мутасаддилари томонидан доимий назорат қилинаётир. Қурилиш материаллари сифати, меҳнат муҳофазаси, иш суръати ва белгиланган муддатларга қатъий амал қилиниши таъминланмоқда.
Яқин келажакда мазкур маданият маркази нафақат турли тадбирлар ўтказиладиган маскан, балки ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, истеъдодларни кашф этиш ва маҳалла аҳлининг маънавий ҳаётини бойитишга хизмат қиладиган замонавий марказга айланади.
Туманда марказий деҳқон бозори ҳудуди тубдан қайта қурилмоқда. Ички йўлларни асфальтлаш, кўп қаватли турар-жойлар барпо этиш, суғориш ариқларини бетонлаш, соҳилбўйи ҳудудларини ободонлаштириш ва янги инфратузилма объектларини қуриш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.
Бу ўзгаришлар нафақат ташқи қиёфани ўзгартирмоқда, балки аҳолига қулайлик, тадбиркорлик ривожи ва инвестицияларни жалб қилиш учун ҳам мустаҳкам замин яратмоқда.
Президент ташаббуси билан халқаро ҳамкорлик асосида амалга оширилаётган “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳаси доирасида “Пашмон” маҳалласида ҳақиқий бунёдкорлик майдони шаклланган.
Умумий қиймати 18 миллиард 605 миллион сўмдан зиёд бўлган лойиҳалар аҳоли ҳаётининг деярли барча соҳаларини қамраб олган.
— Хусусан, 140 ўринли 10-сонли мактабгача таълим ташкилоти капитал таъмирланмоқда, — дейди “Пашмон” маҳалласи раиси Лазиз Муҳаммедов. — “Пашмон” оилавий шифокорлик пункти тўлиқ янгиланмоқда. 23,6 километр ташқи ичимлик суви тармоғи қурилмоқда. 11,5 километр автомобиль йўллари таъмирланмоқда. Янги трансформаторлар ўрнатилиб, электр тармоқлари янгиланмоқда. Пиёдалар йўлаклари барпо этилмоқда. ирригация тармоқлари реконструкция қилинмоқда. Маҳаллада қўшимча асфальтлаш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Бу ишлар нафақат бугунги эҳтиёжларни қондириш, балки маҳалланинг ўнлаб йиллик тараққиёти учун мустаҳкам инфратузилма яратишга хизмат қилади.
Шофирконда амалга оширилаётган ишларга назар ташлар эканмиз, битта ҳақиқат янада яққол намоён бўлади: бугунги бунёдкорликнинг асосий мақсади бинолар ёки йўллар қуриш эмас, балки инсон ҳаётини яхшилашдир.
Президентимиз раҳбарлигида маҳаллаларни ривожлантириш, муҳандислик тармоқларини янгилаш, таълим ва тиббиёт сифатини ошириш, маданият ва дам олиш масканларини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойилнинг амалий ифодасидир.
Шофиркон туманидаги бугунги бунёдкорлик ишлари оддий қурилиш жараёни эмас. Бу — Президентимиз ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларнинг ҳаётдаги ёрқин ифодаси, халқ фаровонлигига қаратилган оқилона сиёсатнинг амалий самарасидир.
Йиллар давомида ечимини кутаётган масалаларнинг изчил ҳал этилаётгани, маҳаллаларнинг замонавий қиёфа касб этаётгани, янги ижтимоий объектлар, йўллар, сув ва электр тармоқлари барпо этилаётгани халқнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Шофирконда барпо этилаётган ҳар бир йўл, ҳар бир мактаб, ҳар бир маданият маркази ва ҳар бир муҳандислик тармоғи — Янги Ўзбекистоннинг қудрати, Президентимиз томонидан ҳудудларга қаратилаётган юксак эътибор ва халқ манфаатини ҳамма нарсадан устун қўядиган давлат сиёсатининг ёрқин тимсолидир. Бугунги Шофиркон нафақат ўзгармоқда, балки келажак авлод учун янада обод, фаровон ва яшаш учун муносиб ҳудудга айланиб бормоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири