Президент Шавкат Мирзиёевнинг Сеулдаги Ўзбекистон – Корея бизнес форуми очилишидаги нутқидан асосий фикрлар
– Корея – Ўзбекистоннинг вақт синовидан ўтган дўсти ва алоҳида стратегик шериги;
–Корея бизнеси Ўзбекистонда шунчаки фаолият юритишга эмас, балки янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, технологиялар ва инфратузилмани ривожлантиришга инвестиция киритишга таклиф қилинди;
–Мақсад – Ўзбекистонни минтақадаги асосий ишлаб чиқариш, технологик ва экспорт майдонларидан бирига айлантириш;
–Мамлакатимизда муҳим минераллар соҳасида яқин йилларда умумий қиймати 4 миллиард доллардан ортиқ бўлган 120 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган;
–Ўзбекистоннинг табиий ресурслари, инсон капитали ва ўсиб бораётган бозорини Кореянинг технологиялари, муҳандислик тажрибаси ва жаҳон брендлари билан уйғунлаштириш таклиф этилди;
–Устувор вазифа – шунчаки хомашё экспорт қилиш эмас, балки Ўзбекистонда чуқур қайта ишлашдан тортиб, тайёр юқори технологияли маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш занжирларини яратиш;
–2030 йилга қадар Ўзбекистон электротехника саноати ҳажмини 11 миллиард долларга, экспортни эса 5 миллиард долларга етказишни мақсад қилган;
–Стратегик вазифа – йиғув ишлаб чиқаришларидан замонавий, тўлиқ циклли кластерларга ўтиш;
–Корея компаниялари, университетлари ва тадқиқот марказларини ўзбекистонлик ҳамкорлар билан ягона тандемга бирлаштириш таклиф этилди;
–Нафақат маҳсулот ишлаб чиқариш, балки интеллектуал мулк ҳуқуқига эга бўлган янги маҳсулотларни ишлаб чиқиш ҳам муҳим;
–Кореянинг етакчи компанияларига илмий тадқиқотлар, клиник база ва ишлаб чиқаришни бирлаштирган биофармацевтика кластери ташкил этиш таклиф қилинмоқда;
–Асосий эътибор мутахассислар тайёрлашга қаратилиши лозим. Шу боис, Ўзбекистон – Корея муҳандисларни тайёрлаш ягона таълим дастурини йўлга қўйиш муҳим ҳисобланади;
–Корея инвесторларига транспорт ва шаҳар инфратузилмаси соҳасидаги лойиҳалар – Янги Тошкентдаги объектлар, аэропортлар, темир йўллар, автомобиль магистраллари ва логистика марказлари таклиф этилди;
–Ўзбекистон Корея компанияларининг Марказий Осиёдаги ишлаб чиқариш ва экспорт хабига айланиши учун барча имкониятларга эга. Шу мақсадда Ўзбекистон – Корея саноат-технологик альянсини ташкил этиш таклиф қилинди.
ЎзА