Фарғона вилоятида жорий йил 9 июль куни бўлиб ўтадиган муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 11-Фарғона округ сайлов комиссияси аъзолари билан мулоқот қилди. Қўқон, Марғилон ва Фарғона шаҳарлари, Данғара, Бувайда, Олтиариқ туманларида ташкил этилган “Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси” асосида олиб борилаётган ўқув-машғулотлари жараёни ҳамда участка сайлов комиссиялари фаолияти билан танишди.
[gallery-12252]
Марказий сайлов комиссияси раиси ўқув-машғулот иштирокчилари билан бўлган мулоқот чоғида муддатидан илгари ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини юқори савияда ташкил этиш, сайловни умумэътироф этилган халқаро тамойиллар, илғор миллий ва хорижий тажриба асосида ўтказишда мазкур ўқувларнинг аҳамиятига тўхталиб, ўқув материалларини пухта ўзлаштириш ва фаолиятда сайлов қонунчилиги талаблари асосида иш юритиш юзасидан ўз фикр мулоҳазаларини билдириб ўтди.
11-Фарғона округ сайлов комиссияси аъзолари билан суҳбатда фарғоналикларнинг сиёсий жараёнлардаги фаоллиги, айниқса, яқинда бўлиб ўтган референдумда ҳам фаол иштирок этганликларини алоҳида эътироф этиш билан бирга, вилоятда Президент сайловига тайёргарлик ишларига юқори баҳо берди ҳамда фарғоналикларни ушбу муҳим сиёсий жараёнда ҳам доимгидек фаол иштирок этишларига умид билдирди.
Самимий суҳбат тарзида бўлиб ўтган давра суҳбатида 11-Фарғона округ сайлов комиссияси аъзоси Дилором Раҳимова сайлов жараёнларида участка сайлов комиссияларининг ўрни муҳимлигини, участка аъзоларининг қонунийлик, холислик, адолатлилик, ҳаққонийлик ва ошкоралик тамойилларига қатъий амал қилган ҳолда фаолият кўрсатишларига алоҳида эътибор қаратилаётганини айтиб ўтди.
Ўз навбатида 11-Фарғона округ сайлов комиссияси раиси Эркинжон Нуралиев сайловга тайёргарлик жараёнлари, округ ва сайлов участкаларида яратилган шароитлар ҳақида батафсил маълумот берди.
М.Сулаймонов, ЎзА
М.Қодиров олган сурат