Президент қарорининг мазмун-моҳияти тушунтирилди
Гулистон шаҳар юридик хизмат кўрсатиш маркази томонидан «Меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори мазмун-моҳиятига бағишланган тарғибот тадбири ўтказилди.
Унда Гулистон шаҳар юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсульти Қобилжон Аҳмаджонов ҳамда шаҳардаги ташкилотларнинг кадрлар бўйича мутахассислари иштирок этишди.

Тадбирда таъкидланганидек, қарорга мувофиқ давлат органлари ва ташкилотлари, давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, шунингдек, мулкчилик шаклидан қатъи назар, бошқа корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш дастури босқичма-босқич жорий этилади.

— Қарорнинг муҳим жиҳати шундаки, меҳнат соҳасидаги хавфсизлик ходимнинг нафақат жисмоний хавфсизлигини, балки унинг шаъни, қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ҳам қамраб олади. Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаатларни электрон қабул қилиш ҳамда уларни кўриб чиқиш жараёнларининг рақамлаштирилиши бундай ҳолатларга ўз вақтида ҳуқуқий муносабат билдиришга хизмат қилади, — деди Қобилжон Аҳмаджонов.

Тадбирда 2026 йил 1 декабрга қадар ишга туширилиши белгиланган «Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити» ахборот порталининг имкониятлари ҳам тушунтирилди. Портал орқали тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаатларни онлайн юбориш, уларни кўриб чиқиш, далилларни тўплаш, хулосалар тайёрлаш ҳамда зарур ҳолларда мурожаатларни юқори турувчи инстанцияга автоматик равишда йўналтириш имконияти яратилади.

Шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аломатлари мавжуд бўлган ҳолатларда мурожаатларни «112» ягона диспетчерлик хизмати орқали ваколатли органга юбориш тартиби ҳақида маълумот берилди. Порталда текширув натижалари ва кўрилган чораларга оид маълумотларни сақлаш, уларнинг йўқ қилинишига йўл қўймаслик механизмлари ҳам тушунтирилди.

Тадбир якунида қарор талабларини ташкилотлар фаолиятига татбиқ этиш, ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнат жамоаларида соғлом муҳитни шакллантиришга оид саволларга батафсил жавоблар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири