"Президент олимпиадаси": Ёш оғир атлетикачилар янги ғалабалар сари интилмоқда
Мамлакатимизда маҳоратли спортчилар учун яратилган янги спорт тизими – “Президент олимпиадаси” спорт мусобақаларининг иккинчи босқичи ҳисобланган “Ҳоким олимпиадаси” мусобақалари жойларда уюшқоқлик билан ўтказилди.
Хусусан, ўйинлар дастуридан ўрин олган оғир атлетика баҳслари том маънода истеъдодларни кашф этиш майдони вазифасини ўтади.

Республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилган “Хоким олимпиадаси”нинг оғир атлетика мусобақалари ёш спортчилар учун кучли рақобат ва ёрқин натижаларга бойлиги билан мухлису мутахассислар эътирофига сазовор бўлди.
Республика босқичига йўлланмаларни тақдим этган мазкур босқичда умумий ҳисобда 993 нафар истиқболли спортчи ғолиблик учун кураш олиб борди. 14 та ҳудуд кесимида иштирокчилар сони бўйича Тошкент вилояти етакчиликка эришди. Вилоятлардан жами 142 нафар спортчи мусобақаларда қатнашган бўлса, уларнинг 76 фоизини спортчи ёшлар, 24 фоизини эса қизлар ташкил этди.

Ҳар бир вазн тоифасида ўзларининг жисмоний тайёргарлиги, техник маҳорати ва ғалабага бўлган интилишини намойиш этган баҳсларда фаоллик кўрсаткичи бўйича Қорақалпоғистон Республикаси 121 нафар спортчи иштироки билан иккинчи ўринни эгаллади. Кучли учликка 118 нафар спортчи билан Наманган вилояти якун ясади.
Олдинда ёш оғир атлетикачиларни янада масъулиятли ва шиддатли, ҳаяжонларга бой бўлган “Президент олимпиадаси” кутмоқдаки, айнан ушбу финал мусобақалари Ўзбекистон спортининг янги чемпионларини аниқлаб бериши билан аҳамиятлидир.
Т.Рўзиев, ЎзА