Президент мактаблари битирувчилари билан учрашув
Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ташаббуси ва бир қатор вазирлик, идора, ташкилотлар ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Президент мактабларининг илк битирувчилари билан учрашув ташкил этилди.
Учрашувда республикамиздаги 4 та Президент мактабининг илк битирувчилари иштирок этишди. Дастлаб битирувчилар Давлат бошқарув академияси фаолияти билан танишди. Академия ректори Адҳам Бекмуродов билан суҳбат ташкил этилди.
Шунингдек, битирувчилар дарс жараёнида иштирок этиб, сиёсий билимларини оширди. Жумладан, «Давлат сиёсати ва бошқарувининг долзарб масалалари: ёшлар – мамлакат тақдирини ҳал қилувчи асосий драйвер» мавзусидаги маъруза, «Смарт мақсадлар ва устуворликларни белгилаш – муваффақият омили» номли мини-тренинг ҳамда «Баркамол авлод тарбиясида китобхонлик маданиятининг ўрни» мавзусида маҳорат дарслари ташкил этилди.
– Мактабда ўқиш даврида IELTS сертификатига эга бўлдим ва дунёнинг номдор университетларига грантларни қўлга киритдим. Бизнинг мактаб бошқа мактаблардан инглиз тилини чуқур ўргатиши, билим эгаллаш учун барча шароит етарли эканлиги билан фарқ қилади. Шунингдек, қўшимча тил ўрганиш, спорт тўгараклари ҳам ташкил этилган. Бугун академияда олган маҳорат дарслари ҳам бизда катта таассурот қолдирди ва кўп нарсаларни ўргандик, – дейди Наманган шаҳридаги Президент мактаби битирувчиси Дилором Хошимжонова.
2021 йилда республикамиздаги 4 ҳудуддан 96 нафар ўқувчи мактабни тамомлаб, улардан 88 нафари (82 фоиз) ўқув йили якунланмасдан хорижий олий ўқув муассасаларида таълим олиш имкониятини қўлга киритишган.

– Агентлик томонидан Президент мактаблари битирувчилари кейинги ҳаётида ўзларига керакли бўлган олийгоҳни танлаши, уларни касбга йўналтиришга доир бир қанча лойиҳалар ишлаб чиқилган. Лойиҳа доирасида турли хил давлат ташкилотлари, бошқарув органлари фаолияти билан таништирилади, маҳорат дарслари ўтилади. Шуларнинг дастлабкиси Давлат бошқарув академиясида бўлиб ўтмоқда. Бундай учрашувлар битирувчиларимизга жуда ҳам керак. Улар ватанпарвар, маънан етук ва давлат соҳаларини яқиндан билиши, келажакда танламоқчи бўлган соҳаларини аниқлашда ижобий натижа беради, – дейди Агентлик директори Ҳилола Умарова.
Файзулло Яҳёев, ЎзА