Президент мактабига кириш имтиҳонлари бошланди
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Андижонда ҳам Президент мактабига кириш имтиҳонларининг саралаш босқичи ўтказилмоқда.
Тест имтиҳонлари Андижон шаҳридаги Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби асосий стадиони 3-, 4- ва 5-биноларида бўлиб ўтмоқда.
– Имтиҳон топширувчилар FaceID тизимидан ўтиб, белгиланган тартибда тест синовида иштирок этмоқда, – дейди Давлат тест маркази Андижон вилоят бўлими бош мутахассиси Рустам Азимов. – Тест синовлари ҳудудига киришдан олдин ўқувчилар дезинфекция йўлагидан ўтказилди. Умуман, тест жараёнида тиббий ва бошқа хавфсизлик чоралари кўрилиб, карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ташкил этилмоқда.

Ўқувчилар имтиҳонларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, имтиҳонга қатнашиш руҳсатномаси билан киритилмоқда. Тест синовлари жорий йилнинг 26-28 июль кунлари 2 сменада (1-смена эрталаб 8.00 да, 2 смена кеч 19.00 да) бўлиб ўтади.
Жорий йилда янги барпо этилаётган Андижондаги Президент мактабининг 5-10 синфлар учун 144 нафар ўқувчи қабул қилиниши режалаштирилган.
Ота-оналар – test2021.uz сайти орқали имтиҳон жараёнларини онлайн равишда кузатиб боришлари мумкин.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА