Президент: Жарима маблағ йиғиш учун эмас, соҳада тартиб-интизом ва профилактика учун хизмат қилиши керак
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразмда тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти давом этмоқда.
Ҳозир 51 та идора молиявий жарима қўллаш ваколатига эга. Айрим идораларда жаримадан тушган маблағнинг бир қисми ўзида қолиши “текширса – қўрқади, қўрқса – тўлайди” деган нотўғри ёндашувни келтириб чиқараётгани танқид қилинди.
– Жарима маблағ йиғиш учун эмас, соҳада тартиб-интизом ва профилактика учун хизмат қилиши керак, – деди Президентимиз.
Шу боис, барча турдаги жарималар миқдори ўртача 2 баробар камайтирилади.
Давлат корхоналари харид қилган товарлар бўйича тадбиркорнинг закалат пулини қайтариш автоматлаштирилади.
Келаси йилдан тадбиркор ва давлат ўртасидаги низоларда “Тадбиркорнинг ҳақлилик презумпцияси” жорий этилади. Тадбиркорнинг айби судда исботланмагунча у айбсиз ҳисобланади ва унга жарима ёки бошқа таъсир чораси қўлланмайди.
Шунингдек, “Биринчи хато учун огоҳлантириш” қоидаси жорий этилади. Биринчи бор қоида бузган ва одамлар ҳаёти, соғлиғи ёки мулкига зарар етказмаган тадбиркорга камчиликни бартараф этиш учун 10 кун берилади.
Назорат органлари биринчи инстанциядан кейинги ҳар бир суд босқичида давлат божини тўлайди. Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги эксперт кенгашига божхона, қурилиш, санитария, карантин ва ветеринария соҳаларидаги низоларни ҳам кўриб чиқиш ваколати берилади.
ЎзА