Президент ишончини оқлаш – ҳаётимдаги улкан масъулият
Ёшлар мамлакатимиз келажагини белгиловчи асосий куч. Буни мамлакатимиз раҳбари кўп бора таъкидлайди.
Айниқса, давлат билдирган ишончни ҳис қилиш ва бунга муносиб бўлиш ҳар бир ёшнинг катта орзусидир. Шу маънода, Президентимизнинг яқинда Наманган вилоятига амалга оширган ташрифи орзуларимга ишонч қўшган унутилмас кун сифатида муҳрланди. Вилоят фаоллари билан ўтказилган йиғилишда ёшлар вакили сифатида Президентимизга ўз фикрларимни билдириш имконига эга бўлдим.
Юртбошимиз менинг Наманганда халқаро “Гуллар фестивали” кунларида “Китобхонлар форуми”ни ўтказиш ҳақида билдирган таклифимни мамнуният билан қўллаб-қувватлагани ҳамда муддатидан аввал, Абдулла Авлоний номидаги давлат стипендиясига муносиб кўргани бу фақат менинг эмас, бутун таълим, китобсевар ёшлар учун катта ишончдир. Ушбу стипендия нафақат моддий рағбат, балки маънавий қанот бўлади ва шу билан бирга билимли, маънавиятли, инсоний фазилатлари юқори бўлган ҳақиқий муаллим бўлишимни талаб қилади.
Президентимизнинг меҳри ва эътибори менга янги куч бағишлади. Энди ҳар кунимни фақат изланиш, билим олиш, ўқитувчилик сирларини пухта эгаллашга бағишлайман. Зеро, улуғ маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний айтганидек, “Тарбиясиз миллат ҳалокатга учрайди”. “Китоб – маърифат чироғи” деган ҳаётий ҳақиқат билан яшайман. Шу боис келгусида ҳам китобхонлик маданиятини ривожлантириш, уни кенг тарғиб қилиш йўлида бутун борлиғим билан хизмат қилишга бел боғлайман.
Келгусидаги режаларим педагогика соҳаси билан бевосита боғлиқ. Наманган давлат педагогика институтида ўзим таҳсил олаётган йўналиш – “Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими” бўйича илмий изланишларни давом эттиришни астойдил ният қилганман. Айниқса, ёшларнинг маънавий-маърифий тарбияси, ҳуқуқий онгини ривожлантириш, уларнинг етакчилик қобилиятини шакллантириш масалалари илмий қизиқишим марказида туради. Келгусида эса, ўзим билим олаётган олий таълим муассасасида келажак педагогларга сабоқ бериш. Шу орқали нафақат ўз устозларимнинг йўлини давом эттириш, балки келажак авлоднинг баркамол бўлишига ўз ҳиссамни қўшиш ниятидаман.
Бегойим Ворисова,
Наманган давлат педагогика институти иккинчи босқич талабаси.
ЎзА.