Президент фармони ижрода ва амалиётда
Бухоро вилояти Адлия бошқармаси томонидан Президентимизнинг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят Адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Анвар Рўзиев мазкур фармоннинг асосий мақсади ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлашга қаратилганини таъкидлади.
Фармон мазмун ва моҳиятига кўра, 2021 йил 1 августдан ер участкалари хусусий секторга – мулк ва ижара ҳуқуқи асосида ажратилади. Ер участкалари давлат ташкилотларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилади. Мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилинади. Бунда илгари ажратилган ер участларига бўлган ҳуқуқлар сақланиб қолади. Ижарага олинган ер участкасидаги кўчмас мулк бошқа шахсга ўтган тақдирда, ер участкасига ижара ҳуқуқи ҳам янги мулкдорга ўтади. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар очиқ электрон танлов орқали фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади. Барча ҳолларда ер участкалари фақат бўш турган ва захирага олинган ерлардан ажратилади. Айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтда ер участкасини олиб қўйиш, захирага олиш, бошқа шахсга ажратиш ер бериш тартибини бузиш ҳисобланади. Давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ва ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда ер участкалари давлат ташкилотига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади. Ушбу ерлар хусусий шерик, нодавлат нотижорат ташкилоти ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига ижарага берилиши мумкин. Кўп квартирали уй жойлашган ва унга туташ ер участкаси мулкдорларга умумий фойдаланиш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.
Жорий йилнинг 1 августидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фақат давлат илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларига – Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг таклифига асосан агросаноат кластерларига – ер участкаси норматив қийматининг икки баравари миқдоридаги пул маблағи депозитга қўйилганда, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимининг таклифига асосан, энг яхши таклифни танлаш орқали аниқланадиган, қиймати камида 10 миллион АҚШ доллари эквивалентида (ер майдони ҳажмига кўра ортиб боради) бўлган йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун – лойиҳа қийматининг камида 10 фоизига тенг маблағ аввалдан махсус ҳисобрақамга жойлаштирилганда, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга, халқаро бирлашмалар ва ташкилотларга, чет эллик юридик ва жисмоний шахсларга – ижарага олиш ҳуқуқини олганлик учун бозор қийматида ҳақ тўлаган ҳол (халқаро бирлашмалар ва ташкилотлардан ташқари) ларда ер участкаларини тўғридан-тўғри ижарага беришга ҳақли.
[gallery-2824]
Ер тўғрисидаги қонунбузилиши ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва жойларда ҳудудий кенгашлар ташкил этилди. Кадастр органлари ердан мақсадсиз фойдаланишни аниқлаганда ушбу ерга бўлган ҳуқуқни бекор қилиш, ноқонуний қурилган иморатларни бартараф этиш юзасидан тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиши мумкин.
Фармонга кўра, 2021 йил 1 августдан ҳокимликларнинг ерни тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш, туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан ерга бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш, суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш, жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш, хусусийлаштириладиган ерга нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш, 2021 йил 1 августдан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқача тартибда ер участкаларини ажратишни назарда тутувчи барча тартиблар, имтиёз ва истиснолар тўлиқ бекор қилинади.Давлат ҳокимияти органларининг ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ёки бошқача тарзда имтиёз ва истиснолар белгилаш ташаббуси билан чиқиш тақиқланади.
Матбуот анжуманида Адлия органлари томонидан "Фермерга мадад” ҳуқуқий акциясини ўтказишдан мақсад ва уни амалга ошириш тартиблари ҳам тушунтириб ўтилди. Жорий йилнинг июнь–декабрь ойлари давомида Адлия вазирлиги ташаббуси билан вилоятда “Фермерга мадад” ҳуқуқий акцияси ўтказилмоқда. Акция доирасида адлия ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан фермерларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилиши, мурожаатлар кўриб чиқилиши, муаммолар жойида ўрганилиши, бузилган ҳуқуқлар тикланиши, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши режалаштирилган.
Акцияни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланган. Мазкур режа асосида вилоятда 4 та ишчи гуруҳи фаолият олиб бормоқда. Фермерлар мурожаатлари билан ишлашда мурожаатлар анъанавий шаклда, 1008 – ишонч телефони, @fermermadadbot махсус телеграм-боти орқали ҳамда сайёр ва уйма-уй қабул қилинмоқда.
Матбуот анжуманида соҳа ходимлари томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерларнинг саволларига аниқ жавоблар берилди
Зариф Комилов,
Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА