Президент билан учрашувга тайёргарлик қизғин паллада
Маълумки, жорий йилнинг 20 август куни давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан навбатдаги VI очиқ мулоқоти бўлиб ўтади. Айни пайтда мазкур муҳим тадбирга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилмоқда.
Тайёргарлик жараёнлари, тадбиркорлик соҳасидаги ислоҳотлар ва қонунчилик янгиликлари хусусида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил — Бизнес-омбудсман Абдуманноп Бўриев билан суҳбатлашдик.
—Президентимизнинг тадбиркорлар билан навбатдаги VI очиқ мулоқотига тайёргарлик ишлари қай даражада олиб борилмоқда? Умуман, кейинги йилларда давлатимиз томонидан юритилаётган сиёсат ушбу мулоқотнинг мазмунини қандай ўзгартирди?
— Аввало, бир ҳақиқатни очиқ тан олишимиз керак: мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш шунчаки иқтисодий ислоҳот эмас, балки давлат сиёсатининг энг устувор, қайтмас йўналишига айланди. Бугун тадбиркор давлатнинг энг яқин ҳамкори, иқтисодиётнинг таянчи сифатида кўрилмоқда. Мана шу янги муҳитда Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти мутлақо янги, дунё амалиётида кам кузатиладиган ноёб воқеага айланди.
Кечаги қуруқ ҳисоботлар, расмиятчилик даври ўтди. Кейинги йилларда ушбу мулоқот майдони тадбиркорни қийнаётган реал муаммоларни юзага чиқарадиган, бизнес муҳитидаги тизимли тўсиқларни олиб ташлайдиган энг самарали механизм бўлиб хизмат қилмоқда.
Бу йил ҳам 20 август — Тадбиркорлар куни арафасида давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотини юқори савияда ташкил этиш бўйича кенг қамровли ишлар бошлаб юборилди. Жараённи мувофиқлаштириш мақсадида Республика штаби ташкил этилиб, унга турли вазирлик ва идораларнинг 54 та малакали экспертлари жалб этилди. Бизнинг бош мақсадимиз шунчаки шикоят йиғиш эмас, балки ҳар бир таклиф замирида турган тизимли муаммога амалий ечим топиш, бизнесни ривожлантиришга туртки берадиган янги ғояларни илгари суришдир.
— Тадбиркорлар ўз таклиф ва муаммоларини қандай тартибда билдиришлари мумкин? Уларнинг овози керакли манзилга етиб борадими?
— Бу борада ҳеч қандай иккиланиш бўлиши мумкин эмас. Мурожаатларни қабул қилишнинг энг қулай ва туну кун ишлайдиган замонавий рақамли тизими йўлга қўйилган. Тадбиркорларимиз “1100” ва “1094” қисқа рақамли call-марказлар, Тадбиркор виртуал офиси, Савдо-саноат палатасининг электрон платформалари ҳамда махсус Telegram бот’лар орқали ўз муаммо ва ташаббусларини тўғридан-тўғри йўлламоқда.
Энг муҳими шундаки, келиб тушаётган ҳар бир мурожаат шунчаки рўйхатдан ўтмайди. Уларнинг ҳар бири экспертлар томонидан чуқур таҳлил қилиниб, соҳавий ва ҳудудий кесимда тизимлаштирилади. Бирорта ҳам таклиф, ҳақли эътироз эътибордан четда қолмайди. Бизнес вакиллари амин бўлишлари мумкин: уларнинг овози чинакам қарорлар шаклланишига бевосита таъсир кўрсатади.
— Соҳадаги энг катта ўзгаришлардан бири — давлат назорати органлари билан муносабатларнинг трансформацияси бўлди. Президентнинг жорий йил 17 апрелдаги “Тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш ва назорат тадбирларининг шаффофлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони тадбиркорларни асоссиз текширувлар ва назоратчиларнинг босимидан ҳимоя қилишда қандай инқилобий қадам бўлди?
— Жуда тўғри ва долзарб масалани кўтардингиз. Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган мазкур фармон назорат тизимини тўлиқ шаффофлаштириш ва бизнесга бўлаётган ноқонуний аралашувларни таг-томири билан бартараф этишда чинакам инқилобий ҳужжат бўлди.
Бу фармон билан биз тизимда “Бизнес ҳимоя” QR-кодини жорий этмоқдамиз. Эндиликда, назорат қилувчи органларгина эмас, балки маҳаллий ижро этувчи ҳокимият ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ҳам тадбиркор билан назорат тадбири ҳисобланмайдиган ҳар қандай мулоқоти “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида мажбурий ҳисобга олинади.
Қатъий қоидани эълон қиламиз: агар давлат хизматчиси тадбиркорлик субъекти ҳудудига ташриф буюрса ва ушбу мулоқот ёки тадбир тизимда рўйхатдан ўтмаган бўлса, ўзининг махсус QR-кодини кўрсата олмаса, тадбиркор уни ўз ҳудудига қўймаслик ва у билан мулоқотга киришмаслик ҳуқуқига қонунан эга! Бу назоратчиларнинг “ўзбошимчалик билан айланиб юриш” ёки тадбиркорни асоссиз чақиртириш амалиётига чек қўядиган жуда кучли қонуний тўсиқдир. Энди ҳар бир ҳаракат реал вақт режимида назоратда бўлади.
—2026 йил 26 майда Президентимизнинг яна бир муҳим ҳужжати, яъни ПФ-100-сонли фармони қабул қилинди. Ушбу фармон тадбиркорларга қўлланиладиган молиявий санкциялар ва жарималар тизимига қандай енгилликлар олиб кирди? Бу борада адолат мезони қандай таъминланади?
— Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, тадбиркорларни қийнаётган масалалар Президентимизнинг доимий назоратида. ПФ-100-сонли фармон ҳам айнан тадбиркорлар томонидан кўтарилган муаммоларга ўз вақтидаги ечим бўлди.
Мазкур фармон тўғридан-тўғри бизнеснинг молиявий барқарорлигини асраш ва уларга нисбатан маъмурий босимни адолат тамойиллари асосида камайтиришга қаратилган. Илгари тадбиркор арзимаган ёки биринчи марта содир этилган хатолик учун ҳам катта молиявий жарималарга тортилиши, бу эса унинг фаолияти тўхтаб қолишига сабаб бўлиши мумкин эди.
Янги фармон билан бу тизим тубдан ўзгарди. Эндиликда тадбиркорлик субъектлари томонидан биринчи марта содир этилган, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва иқтисодиётга реал зарар етказмаган ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар қўллаш тизими либераллаштирилди. Энг асосийси, жарималарни ихтиёрий тўлашнинг рағбатлантирувчи механизмлари кенгайтирилди. Агар тадбиркор ўзига билдирилган молиявий санкция суммасини белгиланган қисқа муддат ичида ихтиёрий равишда тўласа, унга жуда катта чегирмалар берилади ва масала судгача бормасдан, бизнесга ортиқча молиявий юк бўлмасдан ҳал этилади.
Бу давлатнинг тадбиркорга жазоловчи эмас, балки тўғри йўл кўрсатувчи, хатосини тузатишга имкон берувчи кўмакчи сифатида ёндашаётганининг яққол исботидир.
— Жойларда тадбиркорлар билан учрашувлар ҳам ташкил этилмоқда. Бу ишлар қандай кечяпти?
— Ҳа, ҳудудлардаги жонли мулоқот — тайёргарликнинг энг муҳим, қон-томир тизими ҳисобланади. Биз фақат кабинетда ўтириб ҳисобот кўрадиган ташкилот эмасмиз. Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, вазирлик ва тижорат банклари раҳбарлари жойларда тадбиркорлар билан юзма-юз учрашмоқда.
Бу нимани англатади? Бу - тадбиркорларимизнинг ҳуқуқий ва ижтимоий онги нечоғли ўсганини кўрсатади. Улар бугун нафақат ўзларининг шахсий, кичик муаммоларини, балки бутун бошли тармоқларни, қонунчиликни ривожлантиришга хизмат қиладиган тизимли таклифларни бермоқда. Бизнес муҳитнинг катта қисми учрашувларда тўғридан-тўғри молиялаштириш, кредит кафилликлари, компенсация ва хизматлар ипотекаси каби янги молиявий воситаларнинг амалда ишлаши бўйича ҳаётий масалаларни ўртага қўймоқда.
— Ҳозиргача келиб тушган мурожаатларнинг жуғрофияси ва тармоқлар кесимидаги таҳлили нималарни кўрсатмоқда? Қайси ҳудудлар энг фаол?
—Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан ўтказиладиган VI очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш доирасида ташкил этилган Республика штабида бугунги кун ҳолатига кўра жами мингдан ортиқ мурожаат қабул қилинди.
Жумладан, тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш масалалари бўйича 168 та, Тадбиркорликни тартибга солишни соддалаштириш бўйича 165 та, ишлаб чиқариш майдонлари билан таъминлаш бўйича 103 та, молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича 82 та, солиқ соҳасида 69 та мурожаат келиб тушган.
Ҳозирча энг кўп мурожаатлар Қашқадарё, Самарқанд, Андижон вилоятлари ва Тошкент шаҳридан қабул қилинган.
— Президентимиз билан очиқ мулоқот арафасида турган тадбиркорларимизга Бизнес-омбудсман сифатида қандай мурожаат қилган бўлар эдингиз?
— Мен ҳар бир тадбиркоримизга шуни айтмоқчиманки, давлатимиз раҳбари билан бўладиган очиқ мулоқот — бу тадбиркорлар овози энг баланд минбарлардан эшитиладиган, уларнинг ташаббуси эртанги қонун ва фармонларга айланадиган тарихий имконият.
Шунинг учун тадбиркорлардан фаол бўлишни, таклиф ва муаммоларни очиқ баён қилишни сўраб қоламиз. Бугун давлатимиз раҳбари ҳам, қонунчилик ҳам, Бизнес-омбудсман институти ҳам тадбиркорлар ортида тоғдек турибди. Уларнинг эркинлиги, мулклари дахлсизлиги — юртимиз равнақининг бош гарови.
Гулноза Бобоева,
ЎзА