Пойтахтда “Ақлли мактаб” тизими жорий этилмоқда
Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан 2026–2027-ўқув йилида “Сергели тажрибаси” доирасида “Ақлли мактаб” тизимини жорий этишнинг 1-босқичи тажриба-синов тариқасида амалга оширилмоқда.
Хусусан, Сергели туманидаги умумий ўрта таълим мактабларининг 9–11-синф хоналаридан жами 345 тасининг 177 тасига замонавий ақлли камералар ўрнатилди.
Лойиҳа доирасида ўқувчилар давоматини автоматик аниқлаш, мактаб хавфсизлигини кучайтириш, бегона шахсларни аниқлаш ҳамда ўқувчиларнинг дарсдаги фаоллигини таҳлил қилиш имкониятлари яратилмоқда.

Ўрнатилган камералар махсус дастурий таъминот орқали Сергели туман ҳокимлигида ташкил этилган Вазиятлар марказига интеграция қилинмоқда.
Белгиланган режага мувофиқ, қолган синф хоналарига камераларни ўрнатиш ва уларни Вазиятлар марказига интеграция қилиш ишлари 2026 йил 25 августга қадар якунланади.

“Сергели тажрибаси” доирасида шакллантирилаётган мазкур тизимни келгусида Тошкент шаҳридаги умумий ўрта таълим мактабларига босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилмоқда.
Г.Бобоева,
ЎзА