Пойтахт судлари томонидан 11 нафар шахс оқланди
Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 2026 йилнинг биринчи чораги давомида 3 минг 216 нафар шахсга нисбатан 2 минг 663 жиноят иши биринчи босқичда кўриб тамомланган
– Мазкур даврда 2 минг 578 нафар шахсга нисбатан 2 минг 41 жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилди, – деди Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Фарҳоджон Ғаниев. – 609 нафар шахсга нисбатан 595 иш тугатилди. Барча инстанцияларда 11 нафар шахс оқланган.
Жазо тайинланиб, ҳукм чиқарилган ишлар бўйича 373 нафар шахсга нисбатан жарима, 2 нафарига муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 13 нафарига мажбурий жамоат ишлари, 396 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 628 нафарига озодликни чеклаш, 980 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди.
Судлар томонидан фуқароларни Конституция ва қонунларга риоя қилиш руҳида тарбиялаш, бошқа шахслар жиноят содир этишининг олдини олиш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, қайд этилган даврда 916 жиноят иши сайёр суд мажлисларида кўрилган бўлиб, бу жами кўрилган ишларнинг 34,8 фоизини ташкил этди.
Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришлар, янги қабул қилинган қонунлар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида 753 маротаба тарғибот тадбирлари амалга оширилди.
Судлар томонидан амалга оширилган тарғибот тадбирлари натижасида Тошкент шаҳар ҳудудида ўтган 2025 йилнинг шу даврига нисбатан гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш 109 тага, ўғрилик 44 тага, безорилик 28 тага, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш 27 тага, тақиқланган экинларни етиштириш 13 тага, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш 9 тага, солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш 7 тага, қасддан одам ўлдириш 7 тага камайди.
Бироқ, ушбу даврда қасддан баданга енгил шикаст етказиш 37 тага, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш 20 тага, хавф остида қолдириш 16 тага, сохта тадбиркорлик 15 тага кўпайди.
Биринчи босқич судлари қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги юқори инстанция судлари томонидан ўрганилди. Натижада тарафларнинг шикоятларига ёки протестларига асосан 1 минг 28 нафар шахсга нисбатан 762 жиноят иши юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқилди.
Шундан 381 нафар шахсга нисбатан 288 таси апелляция инстанциясида, 286 нафар шахсга нисбатан 249 таси кассация инстанциясида, 361 нафар шахсга нисбатан 225 таси тафтиш инстанциясида кўриб тамомланди.
Юқори инстанция судлари томонидан жами 213 нафар шахсга нисбатан суд қарори ўзгартирилган бўлиб, 46 нафар шахсга нисбатан суд қарори бекор қилинди. Хусусан, апелляция инстанциясида 107 нафар шахсга нисбатан суд қарори ўзгартирилиб, 16 нафар шахсга нисбатан бекор қилинди.
Кассация инстанциясида 83 нафар шахсга нисбатан суд қарори ўзгартирилиб, 19 нафар шахсга нисбатан бекор қилинди. Тафтиш инстанциясида 23 нафар шахсга нисбатан суд қарори ўзгартирилиб, 11 нафар шахсга нисбатан бекор қилинди.
Президентимизнинг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар ҳамда жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилмоқда.
Тергов судьялари томонидан 28 минг 353 нафар шахсга нисбатан 24 минг 505 маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилди. 21 минг 935 нафар шахсга нисбатан 18 минг 807 иш бўйича маъмурий жазо қўллаш ҳақида қарор чиқарилди. 6 минг 418 нафар шахсга нисбатан 5 минг 968 ишни тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.
Маъмурий жазо қўлланилган шахсларнинг 69 фоизига жарима жазоси қўлланилди. 30,6 фоизига маъмурий қамоқ, қолганига махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди.
Бундан ташқари, 7 минг 280 маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар билан боғлиқ материаллар кўриб тамомланган. Процессуал мажбурлов чораларини қўллаш билан боғлиқ 2 минг 163 санкция материаллари кўриб тамомланди. Бу масалаларда киритилган илтимосномаларнинг 2 минг 58 таси қаноатлантирилган бўлса, 105 таси рад қилинди.
Шундан 64,2 фоизи қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ материалларни ташкил этди. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги илтимосномаларнинг 76 тасини қаноатлантириш рад қилинди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА