“Poykent Bukhara” – Бухоро туризмининг янги миллий бренди
Бухоро азалдан Шарқ тамаддунининг дурдонаси, Буюк ипак йўлининг энг йирик маданий ва савдо марказларидан бири сифатида бутун дунё сайёҳларини ўзига ром этиб келади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида қадимий шаҳарнинг халқаро нуфузи янада юксалиб, Бухоро нафақат тарихий мероси, балки замонавий туристик инфратузилмаси билан ҳам жаҳонда эътироф этилмоқда.
Ана шу эзгу мақсадлар йўлида амалга оширилаётган ишлар билан оммавий ахборот воситалари вакилларини яқиндан таништириш мақсадида Бухорода “Бухорода туризм истиқболлари ва “Poykent Bukhara” миллий брендига асос солиниши” мавзусида матбуот анжумани ва пресс-тур ташкил этилди. Унда республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар иштирок этишди.
Тадбир дастлаб Бухоро шаҳрида барпо этилган замонавий “Poykent Bukhara Old City” меҳмонхонасида бошланди. Иштирокчилар меҳмонхонада сайёҳлар учун яратилган юқори даражадаги қулайликлар, миллий меъморчилик услуби ва замонавий сервис имкониятлари билан яқиндан танишишди.
Шундан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Шаҳриёров сўзга чиқиб, Бухоро туризмининг бугунги ривожланиш кўрсаткичлари ҳамда истиқболли режалар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида туризм соҳасини жадал ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар Бухоронинг жаҳон туризм харитасидаги ўрнини янада мустаҳкамламоқда.
Бунинг яққол исботи сифатида сўнгги йилларда эришилган рақамлар диққатга сазовор. Агар 2017 йилда Бухорога 1,2 миллион нафар сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 7,5 миллион нафарга етди. Яъни сайёҳлар оқими қарийб 6,2 баробар ошди.
Туризм экспорти ҳажми эса 37,2 миллион АҚШ долларидан 736,9 миллион долларгача ўсиб, қарийб 20 баробарга кўпайди. Бу эса туризм нафақат маданий, балки иқтисодий тараққиётнинг ҳам муҳим драйверига айланганини кўрсатади.
[gallery-30665]
Соҳада тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича яратилган имкониятлар меҳмонхона бизнесининг жадал ривожланишига хизмат қилмоқда. 2017 йилда вилоятда атиги 114 та жойлаштириш воситаси мавжуд бўлган бўлса, бугун уларнинг сони 730 тага етди. Натижада бир вақтнинг ўзида 18 минг нафардан ортиқ меҳмонни қабул қилиш имконияти яратилди. Ҳар йили ўртача 70 та янги меҳмонхона ва жойлаштириш объекти фойдаланишга топширилаётгани соҳадаги ўсиш суръатининг яна бир ёрқин далилидир.
Айниқса, маҳаллий тадбиркорлар ташаббуси билан шаклланаётган “Poykent Bukhara” меҳмонхоналар тармоғи бугун миллий туризм бренди сифатида янги босқичга кўтарилди. Яқинда мазкур тармоқнинг бешинчи меҳмонхонаси ишга туширилди. Миллий меъморчилик анъаналари ва замонавий меҳмондўстлик стандартларини ўзида мужассам этган ушбу мажмуа сайёҳларда унутилмас таассурот қолдиришга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, Бухоро шаҳрида яна бир замонавий 5 юлдузли меҳмонхона қурилиши жадал давом этмоқда. Ушбу йирик лойиҳа келгуси йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Матбуот анжуманида қайд этилганидек, Президентимиз миллий брендларни мамлакатнинг халқаро имижи, инвестициявий жозибадорлиги ва иқтисодий рақобатбардошлигини белгиловчи муҳим омил сифатида баҳолайди. Шу нуқтаи назардан, “Poykent Bukhara” брендининг давлат рўйхатидан ўтгани нафақат бир меҳмонхоналар тармоғи, балки бутун Ўзбекистон туризм соҳаси учун тарихий аҳамиятга эга воқеадир.
Бу бренд миллий меъморчилик, юксак сервис маданияти ва ўзбек меҳмондўстлигининг бетакрор уйғунлигини намоён этувчи замонавий тимсол сифатида шаклланмоқда. Яқин истиқболда у халқаро туризм бозорида ҳам Ўзбекистоннинг энг нуфузли миллий брендларидан бирига айланиши кутилмоқда.
Энг муҳими, мазкур меҳмонхоналар тармоғи орқали 200 нафардан зиёд ёшлар доимий иш ўрнига эга бўлиб, меҳмонхона бошқаруви ва халқаро сервис стандартлари бўйича илғор хорижий тажрибани ўзлаштириш имкониятига эга бўлмоқда.
Бухорода амалга оширилаётган бу каби йирик лойиҳалар қадимий шаҳарнинг сайёҳлик салоҳиятини янада юксалтириш, миллий брендларни дунёга танитиш ва Ўзбекистоннинг халқаро туризм бозоридаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади. “Poykent Bukhara” эса нафақат меҳмонхона, балки Янги Ўзбекистоннинг очиқлиги, тараққиёти ва ўзбек меҳмондўстлигининг бутун дунёга йўлланган янги рамзи сифатида тарихда муносиб ўрин эгаллаши шубҳасиз.
Тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига соҳа мутахассислари томонидан аниқ жавоблар олишди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари