Покистондаги ҳужумда 4 нафар аскар ҳалок бўлди
Покистоннинг Шимолий Вазиристон туманида содир этилган терактда тўрт нафар ҳарбий ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Anadolu” маълум қилмоқда.
Хабарда айтилишича, Мир Али ҳудудида ҳарбий машиналар карвони йўналишида худкуш-террорчи портловчи қурилмани ишга туширган.
Мазкур воқеани Покистон бош вазири Шаҳбоз Шериф кескин қоралади ва мамлакатдаги терроризм таҳдидини йўқ қилишга қатъий қарор қилди.
Покистон армияси маълумотига кўра, хуруж Афғонистонда “Теҳрик-э-Толибон Покистон” террор ташкилоти етакчиларидан бири Абдул Вали Моҳманд лақабли Умар Холид Хуросонийнинг ўлдирилиши ортидан уюштирилган.
“Geo News” хабарига кўра, Хуросонийнинг машинаси Афғонистоннинг Пактика вилоятига сафари чоғида портлатилган. Ҳужум натижасида Хуросонийдан ташқари яна икки ТТП раҳбари ва бир ҳайдовчи ҳалок бўлган.