Покистонда “Earth Hour”: чироқлар бир соатга ўчирилади
Ҳамкоримиз APP ахборот агентлиги хабар қилишича, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф 28 март куни мамлакат бўйлаб “Earth Hour” акциясини ўтказмоқчи: мамлакат бўйлаб соат 20:30 дан 21:30 гача электр токи ўчирилади.
Мазкур ташаббус орқали экология муаммосига эътибор қаратиш, энергияни тежаш маданиятини кучайтириш мақсад қилинган. Давлат идоралари ва ташкилотлар жараёнда фаол иштирок этишга чақирилган.
Бу йил “Give an Hour for Earth – "Сайёрамизга бир соат ажратинг!" шиори остида ўтадиган акция ҳаммани табиатни муҳофаза қилиш, энергия самарадорлигини ошириш ва иқлим ўзгаришига қарши туришга ундайди. Чироқни ўчириш – рамзий қадам, асосий мақсад одамларни амалий ҳаракатга жалб қилиш.

Илк бор 2007 йил “World Wide Fund for Nature” жамғармаси томонидан илгари сурилган, эндиликда ер юзидаги энг йирик экологик ҳаракатлардан бирига айланган “Earth Hour” лойиҳасига 190 дан кўп давлат қўшилган. Бу гал акциянинг 20 йиллиги нишонланиши муносабати билан дунё бўйлаб нафақат чироқлар ўчирилади, балки табиатни асрашга қаратилган қўшимча тадбирлар ҳам ташкил этилади.
Анъанага мувофиқ, мазкур ташаббус учун март ойининг охирги шанбаси танланган. Шу куни жаҳоннинг турли шаҳарларидаги машҳур бинолар, хўжалик ва хонадонларда бирданига чироқлар ўчирилади. Шу тариқа инсоният умумий муаммога бирга ечим топиши мумкинлигига урғу берилади. Мутахассислар бундай ташаббуслар жамиятда экологик онгни ошириш учун жуда муҳимлигини таъкидлайдилар.
Мусулмон Зиё, ЎзА