Покистон спорт делегацияси Ўзбекистонда
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида Покистон белбоғли кураш федерацияси раҳбари Муҳаммад Умар Пеҳлван билан учрашув ўтказилди. Унда ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида покистонлик спорт соҳаси мутахассислари мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт ҳаракатини янги босқичга олиб чиқиш борасидаги ислоҳотларга юқори баҳо берди.
Хусусан, бокс, дзюдо, оғир атлетика, таэквондо каби спорт турларида Ўзбекистон дунёнинг энг етакчи давлатлари қаторида экани, миллий спорт турларини ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ташаббусларини кенг ёйиш йўлида яратилган инфратузилмани эътироф этди.
Мулоқот давомида ҳар икки мамлакатнинг спорт таълим йўналишидаги профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, талабалар иштирокида академик мобиллик дастурларини йўлга қўйиш, терма жамоалар иштирокида қўшма ўқув-машғулотлар ташкил этиш, миллий спорт турларини ривожлантириш, унинг илмий асосларини тадқиқ этиш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, қўшма ташаббус ва лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришди.
Т.Рўзиев,
ЎзА