Покистон делегацияси “Олот” терминалида
Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилиб, икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини кенгайтириш, тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратиш ва ташқи савдо жараёнларини янада самарали ташкил этишга қаратилган амалий ишлар изчил давом этмоқда.
Ана шундай муҳим ҳамкорлик ташаббуслари доирасида Покистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси савдо ва инвестициялар бўйича маслаҳатчиси Аббас Заҳир бошчилигидаги делегациянинг Бухоро вилоятига ташрифи давомида делегация аъзолари “Олот” божхона терминалида бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган ишлар, замонавий божхона инфратузилмаси ва ташқи савдо иштирокчилари учун яратилган имкониятлар билан яқиндан танишди.
Ташрифнинг асосий мақсади Покистондан Ўзбекистонга импорт қилинаётган товарларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш жараёнлари, божхона қийматини белгилаш механизмлари, тўловларни ҳисоблаш ва ундириш тизими бўйича ўзаро тажриба алмашишдан иборат бўлди.

Делегация вакилларига “Олот” божхона терминалида йўлга қўйилган иш жараёнлари, юкларни қабул қилиш ва расмийлаштириш босқичлари, ахборот технологияларидан фойдаланиш имкониятлари ҳамда тадбиркорларга кўрсатилаётган хизматлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Айниқса, ташқи савдо операцияларини тезкор ва шаффоф амалга ошириш, тадбиркорлар учун ортиқча вақт сарфини камайтириш, замонавий ёндашувлар асосида божхона хизматларини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Учрашув жараёнида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг бугунги ҳолати, ташқи савдо айланмаси кўрсаткичлари ҳамда импорт операцияларининг амалдаги жараёнлари таҳлил қилинди.
Бухоро вилояти божхона бошқармаси масъуллари томонидан Покистондан кириб келаётган товарларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиблари бўйича тақдимот ўтказилди.
Унда божхона назорати шакллари, товарларнинг божхона қийматини аниқлаш усуллари, хавфларни бошқариш тизими, божхона тўловларини ҳисоблаш ва ундиришнинг амалдаги механизмлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Мулоқотлар давомида икки томон ҳам ташқи савдо жараёнларини янада соддалаштириш, тадбиркорлар дуч келиши мумкин бўлган масалаларни олдиндан аниқлаш ва уларга самарали ечим топиш, божхона маъмуриятчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Ташриф доирасидаги учрашувлар нафақат божхона соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, балки икки давлат тадбиркорлари учун янги имкониятларни белгилаб бериш нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятли бўлди.
Чунки бугунги кунда халқаро савдода тезкорлик, шаффофлик ва ишончли ҳамкорлик энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Божхона тизимидаги ўзаро тажриба алмашинуви эса товарлар ҳаракатини енгиллаштириш, савдо алоқаларини кенгайтириш ва иқтисодий муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири