Пиллачиликнинг ижтимоий аҳамияти тобора ортиб бормоқда
Янги Ўзбекистонда пиллачилик энди оддий қишлоқ хўжалиги тармоғи сифатида эмас, балки аҳоли бандлиги, хотин-қизлар даромади, экспорт салоҳияти ва қайта ишлаш саноатини бир занжирга боғлайдиган муҳим иқтисодий тизим сифатида ривожлантирилмоқда.
Президентимизнинг 2024 йил 3 майдаги “Пилла етиштириш ва ипакчилик соҳасида бозор механизмларини жорий қилишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ана шу мақсадларга хизмат қилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди. Жиззах вилоятида бугун кузатилаётган натижалар мазкур ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг амалдаги ифодаси сифатида эътиборга молик.
Вилоятда пиллачиликни ташкил этишга мутлақо янгича ёндашилди. “Жиззах тажрибаси” асосида ўнта туманда 70 та замонавий қуртхона барпо этилгани тармоқни мавсумий тадбирдан самарали ишлаб чиқариш тизимига айлантиришда муҳим омил бўлди. Бу нафақат ипак қуртини парваришлаш маданиятини юксалтирди, балки юқори ҳосилдорлик учун мустаҳкам пойдевор яратди.
Дастлаб жорий йилда 16 минг 699 қути ипак қурти уруғини боқиш режалаштирилган эди. Бироқ мавжуд захиралар тўлиқ ишга солиниб, қўшимча имкониятлар сафарбар этилди ва вилоят ҳокимининг ташаббуси билан яна 5100 қути ипак қурти уруғи парваришланди. Натижада умумий ҳажм 22 минг 100 қутига етказилди. Бу рақам ортида эса жойлардаги ташаббускорлик, масъулият ва пухта ташкил этилган бошқарув тизими мужассам.

Мавсум якунлари ушбу ёндашувнинг тўғри танланганини тўлиқ тасдиқлади. Вилоят пиллакорлари 1326 тонна сифатли пилла хом ашёсини давлатга топширди. Бу кўрсаткич тармоқ иқтисодий самарадорлигининг ошгани, пиллачилик эса аҳоли учун ишончли даромад манбаига айланаётганини англатади.
Айниқса, пиллачиликнинг ижтимоий аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Жорий мавсумда 40 минг 490 нафар хотин-қизнинг мавсумий бандлиги таъминланди. Демак, пиллачилик бугун фақат маҳсулот етиштириш эмас, балки минглаб оилаларнинг турмуш фаровонлигини мустаҳкамлашга хизмат қилаётган амалий механизмга айланди.
Вилоят пилла хирмонига энг муносиб ҳиссани Пахтакор, Шароф Рашидов, Дўстлик, Зарбдор, Бахмал, Ғаллаорол ва Зафаробод туманлари қўшди. Бу ҳудудларда кластерлар, маҳаллалар ва аҳоли ўртасидаги ҳамжиҳатлик юқори натижаларни таъминлади.
“Paxtakor ipak klasteri” МЧЖ раҳбари Ғулом Бурлиевнинг таъкидлашича, туман пиллакорлари шартномавий режани вилоятда биринчи бўлиб бажариб, 183 тоннадан зиёд сифатли пилла тайёрлади. Унинг фикрича, бу ютуқ табиат инъоми эмас, балки агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва талаб даражасида бажарилгани самарасидир.
Дўстлик тумани Саритепа маҳалласида яшовчи касаначи Махфуза Мардумарованинг иш фаолияти ҳам пиллачиликнинг иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятини ёрқин намоён этади. У қариндошлари ва қўшнилари билан биргаликда 25 қути ипак қуртини парваришлаб, пилла мавсумида 80 миллион сўм даромад олган. Энг муҳими, унинг таъкидлашича, давлат томонидан яратилган имтиёзлар, солиқ енгилликлари, меҳнат стажининг ҳисобга олиниши ҳамда манфаатдорликнинг ошиши одамларнинг ушбу соҳага бўлган қизиқишларини янада кучайтирмоқда.
Жорий мавсумда соҳада бошқарув тизими ҳам такомиллаштирилди. Ипак қурти уруғини тарқатишдан бошлаб пиллани қабул қилиб олишгача бўлган барча жараёнларни қамраб олган кунлик мониторинг тизими жорий этилди. Шу билан бирга, тутзорларни ёшартириш ишларининг амалга оширилгани келгуси йиллар учун озуқа базасини янада мустаҳкамлаш имконини берди.
Меҳнатни муносиб қадрлаш тамойили ҳам изчил таъминланмоқда. Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан энг юқори натижага эришган хонадон эгаси, маҳалла раиси, марказлашган қуртхона раҳбари, фермер ва туман раҳбари учун беш йўналиш бўйича танлов ташкил этилди. Ғолибларни автомобиллар, пул мукофотлари ҳамда қимматбаҳо техника воситалари билан тақдирлаш белгилангани тармоқда рақобат ва манфаатдорликни янада кучайтириши шубҳасиз.
Жиззах вилоятидаги бугунги натижалар бир ҳақиқатни яққол намоён этмоқда: Президент ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар жойларда аниқ иқтисодий кўрсаткичлар, янги иш ўринлари, аҳоли даромадининг ўсиши ва экспортбоп маҳсулотлар ҳажмининг ортиши орқали ўз самарасини бермоқда. Демак, пиллачилик тармоғини бозор тамойиллари асосида ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсати нафақат соҳанинг, балки қишлоқ иқтисодиётининг барқарор ўсиши учун мустаҳкам пойдевор яратаётир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири